Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ҳукуматлараро Конвенцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Баённома кучга кирди

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида 1998 йил 11 февралдаги икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Конвенцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённома кучга кирди. Бу ҳақда мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Томонлар қоидага мувофиқ, ҳужжатнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажардилар.Мазкур Баённома Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида 2019 йил 19 апрель куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

Ҳужжат солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш учун солиқ соҳасида маълумот алмашинуви бўйича самарали механизмларни кенгайтиришни назарда тутади.

Ушбу халқаро шартнома солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликка қарши курашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради ва икки мамлакат солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлайди.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.

 

ЎзА