Сенат Раиси: Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиши нафақат шараф, балки жуда катта маъсулият ҳамдир

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида парламент юқори палатаси Раиси Т.Норбоева мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига тўхталиб ўтди.
– Оғир шароит бўлишига қарамасдан ҳудудларимизни обод қилиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда, – деди Сенат Раиси. – Биргина Сардобадаги бунёдкорлик ишларининг ўзиёқ, мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигини яна бир бор намоён этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас! Фуқароларимизда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ошмоқда. Бугун улар эътирофларини ҳам, эътирозларини ҳам дадил туриб айтмоқда. Юртимизда инсон ва унинг ҳуқуқлари ҳақиқий маънода олий қадрият даражасига кўтарилмоқда. Бундай ўзгариш ва янгиланишлар дунё миқёсида эътироф этилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли тузилмаларидан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо этиб сайлангани ҳам дунё ҳамжамиятининг юртимиздаги ислоҳотларга бўлган ишончи ва юксак эътирофидан дарак беради. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни ушбу тарихий воқеа билан самимий муборакбод этаман.
Бундай юксак эътирофга сазовор бўлишимиз, ҳеч шубҳасиз, сўнгги тўрт йил мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ва бугунги кунда шиддат билан давом этаётган очиқ ва прагматик сиёсат маҳсулидир. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиши нафақат шараф, балки жуда катта маъсулият ҳамдир. Табиийки, эндиликда вазифалар ҳам, талаблар ҳам бошқача бўлади. Шундай экан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни изчиллик билан давом эттиришимиз, янги, конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари суришимиз, халқаро стандартларга мос равишда қонунчилигимизни такомиллаштиришимиз лозим. Бу эса парламент зиммасига катта масъулият юклайди.
Сенат Раиси ўз нутқида ҳозирда Олий Мажлис палаталари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги даврида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилаётганини ҳам маълум қилди.

 

ЎзА