БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик: ЎЗБЕКИСТОН ОЛДИДАГИ ВАЗИФАЛАР

2020 йил 19 октябрь куни Тошкентдаги «Севимли» телеканалида шу мавзуда брифинг бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов модераторлик қилди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Асадов, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) Дилмурод Қосимов, “Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори Элдор Туляков, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон МакГрегор, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси раҳбари Ришард Коменда иштирок этди.Шу билан бирга, онлайн мулоқотда Ўзбекистоннинг Женевадаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Улуғбек Лапасов ва БМТнинг Нью-Йоркда жойлашган қароргоҳидаги мамлакатимиз Доимий ваколатхонаси раҳбари Бахтиёр Ибрагимов қатнашди.

Маълумки, 2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг БМТ органига аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-сонли резолюциясига мувофиқ, 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистон томони «Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар» ҳужжатини тадқим этган. Шунингдек, ушбу ваъдаларни қисқа таҳлил қилувчи яна 2 та ҳужжат тайёрланган.

Брифингда эътироф этилганидек, мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо давлатлар ўртасида кенг тарқатилди.

Ўзбекистон тақдим этган «Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар»да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.

Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холисдир. А.Саидов таъкидлаганидек, «Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоримиз».

Брифинг жараёни Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг телеканаллари ва ахборот дастурларида, шунингдек, «UzReport TV» телеканалида тўғридан-тўғри намойиш этилди. Мазкур брифинг тафсилотлари «Севимли» телеканали ва «MY5» телеканалининг «Ўзбекистон жаҳон майдонида» кўрсатуви орқали ҳам кенг ёритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати.

 

ЎзА