Афғонистон Ислом Республикаси Президенти билан учрашув тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи чоғида мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашди. 
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Мулоқот чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, минтақавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кенг доираси муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ўртасидаги ишончга асосланган муносабатларнинг юқори даражаси ҳамда турли даражадаги икки томонлама ҳамкорликнинг очиқ ва конструктив хусусияти қайд этилди. Доҳа (Қатар) шаҳрида бошланган музокара жараёнини давом эттиришга содиқлик тасдиқланди. Устувор йўналишлардаги ҳамкорликнинг ўсиш суръати ижобий баҳоланиб, томонлар аниқ келишувларга эришиш мақсадида ўзаро манфаатли шерикликнинг янги қирралари устида ишлаш истиқболли экани тўғрисида ягона фикрга келдилар.
Инвестициялар, савдо, энергетика, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини ривожлантиришга мўлжалланган амалий ҳамкорликка ўзаро тайёрлик билдирилди. Шу нуқтаи назардан, Ашраф Ғани транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари, хусусан, АҚШнинг Халқаро тараққиёт молия корпорацияси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, энергетика, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида ҳар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик, идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш маъқулланди. Томонлар «Йўл харитаси»га киритилган тадбирлар амалга оширилишини ҳар ойда кўриб чиқишга келишиб олдилар.

 

ЎзА