Археология соҳасидаги атоқли олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хожаниязов шу йил 19 октябрда 72 ёшида вафот этди.
Ғ.Хожаниязов 1948 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг жамоа хўжалигида ишчи бўлиб хизмат қилди. 1972 йилда Нукус давлат педагогика институтини тугатиб, ўз илмий фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг Тарих, археология ва этнография институтида тадқиқотчи сифатида бошлади. Сўнгра ушбу филиал аспирантурасида таҳсил олиб, тарих фани бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Таниқли олим ўзининг қарийб 50 йиллик илмий фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг Тарих, археология ва этнография институтининг кичик ва катта илмий ходими, Қорақалпоғистон тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш жамияти раиси, Тарих, археология ва этнография институтининг археология бўлими мудири, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг археология бўлими мудири каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг қадимий тарихи, археологик ёдгорликларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, юксак малакали илмий кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Архелогия соҳасида ўзининг илмий мактабини яратган заҳматкаш олимнинг ўнлаб илмий тадқиқотлари, монография ва қўлланмалари, жумладан, “Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари”, “Қорақалпоғистоннинг ажойиб етти эсдалиги” сингари асарлари нафақат юртимиз, балки чет эл илмий-маданий жамоатчилиги ўртасида ҳам яхши маълум. Унинг раҳбарлигида олиб борилган археологик изланишлар натижасида қадимий Хоразм маданиятига оид, Марказий Осиёдаги энг қадимий ҳисобланган девор суратлари топилди ва тадқиқ этилди. Фидойи олим Қорақалпоғистон-Австралия халқаро археологик экспедициясининг етакчиларидан бири эди.
Ғ.Хожаниязов жонкуяр педагог сифатида ўнлаб истеъдодли олимларга устозлик қилди.
Ғ.Хожаниязовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги кўп йиллик самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Меҳнат шуҳрати” ордени ва Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.
Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин ва самимий инсон Ғ.Хожаниязовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, М.Камалов, Б.Йўлдошев
ЎзА