Ўзаро иқтисодий ҳамкорлик янада кенгаяди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 19 октябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ижроия қўмитасининг XXVIII йиғилиши ва XVIII Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳоди Сулаймонпур, ИҲТ савдо-саноат палатаси президенти, Афғонистон халқаро савдо палатаси таъсисчиси Азарахш Ҳафизий, Эрон Ислом Республикаси савдо, саноат ва кончилик ишлари палатаси президенти Ҳусайн Шофий, Покистон Ислом Республикаси савдо-саноат палатаси федерацияси президенти Анжум Ниссор, Тожикистон савдо-саноат палатаси президенти Жамшид Жумахонзода иштирок этди.Анжуман ишида мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва раис ўринбосари Фаризшоҳ Усмонов қатнашди.

Учрашув аввалида Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли мазкур тадбир жуда муҳим аҳамиятга эга йиғилиш эканини қайд этди.

Ислом Жасимов ўз сўзида ижроия қўмитанинг 2018 йил Теҳронда ўтган йиғилишида илк бор қатнашган Ўзбекистон сўнгги икки йилда ташкилот ишида фаол иштирок этиб келаётганини таъкидлади.

Йиғилишда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш мамлакатларимиз ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим шарти экани қайд этилди.

Анжуманда аъзо давлатлар вакилларининг маърузалари тингланди. Ихтисослаштирилган қўмиталар, жумладан, Тадбиркор аёллар кенгаши, Туризм, Транспорт, Арбитраж, Саноат, инвестициялар ҳамда кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, Савдони енгиллаштириш қўмиталари йиғилишлари натижалари билан танишилди.

Минтақавий давлатлараро иқтисодий тузилма ҳисобланадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти таркибига 10 давлат – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон киради.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси тузилмага аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ихтисослашган органдир.

Айни пайт Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ИҲТ ССП доирасида фаол саъй-ҳаракатларни йўлга қўйган. Хусусан, Покистон, Туркия, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон савдо палаталари билан икки томонлама ишбилармонлар кенгашлари тузилган. Озарбайжон, Эрон ва Қирғизистон билан худди шундай кенгаш шакллантириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, кичик ва хусусий бизнес ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга кўмаклашиш, транспорт-коммуникация, туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Тадбирда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилиниб, қатор келишувларга эришилди.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА