«Қўнғирот» овул фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ўзгаришларни атрофлича ўрганиш мақсадида куни кеча Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор ҳудудлари, жумладан, Бўзатов туманида бўлиб, у ердаги маҳаллалар фаолияти билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қайта ташкил этилган Бўзатов туманида бугунги кунда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, халқни қийнаётган масалалар ва муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этишда фуқаролар йиғинларининг иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.Вазир Р.Маматов ташриф давомида тумандаги фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, биноларнинг моддий-техник базаси ҳамда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишар экан, бу борада соҳа ходимларига ўз таклиф ва тавсияларини бериб ўтди. Шунингдек, тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимларга кўрсатилган юксак эътибор намунаси сифатида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси, ёш ижодкор Минара Қалбаевага вазирлик томонидан совға қилинган компьютер жамланмасини топширди. Шунингдек, Бўзатов туманидаги 1000 ўринли замонавий ўйингоҳда ҳудуд ёшлари ўртасида ўтказилган «Маҳаллада футбол» спорт мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди ва мусобақа ғолиби «Бўзатов» шаҳарча фуқаролар йиғини ёшларига кубок ва эсдалик совғалари топширди.

ea4852a9-c18c-b9b9-2acd-13fef004d283.jpg
Туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган «Аспантай» овул фуқаролар йиғининг «Порлитов» овулида истиқомат қилаётган фуқаролар ва тадбиркорлар билан олиб борилган суҳбат давомида фуқаролар йиғинида шакллантирилган «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни иш билан банд қилиш, оилавий даромадларини яхшилаш учун уларни тикув машиналари билан таъминлашда амалий ёрдам берилиши таъкидлаб ўтилди.Вазир Р.Маматов Қўнғирот туманидаги «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғинининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этиб, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида маҳалла тизимининг жамиятдаги нуфузини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини алоҳида қайд этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4602-сонли Қарорига асосан, мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида фуқаролар йиғинларининг намунавий биноларини қуриш белгиланган.

photo_2020-10-19_15-46-15.jpg
Ушбу қарор ижроси юзасидан ҳозирги кунда юртимиз бўйлаб кўплаб маҳаллаларда янги фуқаролар йиғинларининг бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Айтиш лозимки, «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғининг янги биноси ана шу хайрли ишларнинг давоми бўлди.— Соҳадаги ижобий ўзгариш ва янгиланишлар сабаб маҳалла халқнинг ҳақиқий суянчи ва яқин маслакдошига айланиб бормоқда, — дейди мазкур овул фуқаролар йиғини раиси Оразали Султанов. — Айниқса, бу йилги пандемия даврида бу ҳолат янада ёрқинроқ намоён бўлди. Ўйлайманки, маҳалламизнинг янги биноси аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлашда бизга ўзгача шижоат бағишлайди.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» шакллантириш борасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Нукус шаҳри ва Беруний туманлари намуна қилиб олинди.

photo_2020-10-19_21-53-54.jpg

Мазкур ишларни самарали олиб бориш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ҳар кунлик маълумотларни мувофиқлаштирувчи штаб ва ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Р. Маматов Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ушбу Ишчи гуруҳлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганиш давомида мазкур дафтарларни шакллантириш, унга киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ва касб-ҳунарга йўналтириш энг долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлаб, бу борада мутасадди ходимларга масъул ишчи гуруҳ аъзоларига зарур тавсиялар берди. Шунингдек, Мўйноқ тумани «Ҳоким ота» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Дўстлик» қишлоғида бўлиб, нуроний отахонлар билан учрашди.

 

ЎзА