PIRLS тажриба-синов жараёни бошланди

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги 28-умумтаълим мактабида Progress In International Reading and Literacy Study (PIRLS)-бошланғич синф ўқувчиларининг қорақалпоқ тилида матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқот дастурининг тажриба-синов жараёни бошланди.

Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан Ӱзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасидаги 2019 йил 19 мартда имзоланган келишув асосида ташкил этилмоқда.
photo_2020-10-19_18-46-14.jpg

Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) тадқиқотларини ўтказиш халқаро жадвалига кўра жорий йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган PIRLS-2021 тадқиқоти тажриба-синов жараёни пандемия карантини сабабли октябрь ойига кўчирилган эди. Мамлакатимиз бўйича бунда иштирок этадиган 28 та, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан 4та умумтаълим мактаби (IEA) Гамбург идораси томонидан тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинди. Жумладан, PIRLS тажриба-синов жараёнлари учун 11 та шаҳар ва 17 та қишлоқ ҳудудидан танлаб олинган мактабларининг жами 1500 нафарга яқин ўқувчиси ўқиш саводхонликлари бўйича баҳоланади. Тажриба-синов муддати кечиктирилгани боис истисно тариқасида 5-синф ўқувчилари иштирок этмоқда.

–Мазкур тажриба-синов жараёнини ўтказишдан мақсад ўқувчиларнинг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш, шунингдек, ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари, ота-оналари ва мактаб маъмурияти томонидан тўлдириб бериш учун мўлжалланган сўровномаларни ўз ичига олади, – дейди Ӱзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази бош мутахассиси Комил Мамаджанов.

photo_2020-10-19_18-46-09.jpg
– Мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган нуфузли тадқиқотнинг тажриба-синов жараёнлари, 2021йил бўлиб ўтадиган асосий тадқиқот (Data collection)га тайёргарлик кўриш имконини беради.

PIRLS тажриба-синов жараёни шунингдек, Қораўзак туманидаги 13-умумтаълим мактабида қорақалпоқ тилида, Амударё туманидаги 31 ва 28-умумтаълим мактабларида ўзбек тилида ўтказилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА