Оролбўйида олий таълим муассасалари кўпаяди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида ҳамда Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессиясида белгилаб берилган вазифалар ҳамда кенгайтирилган йиғилиш баёни қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда 3 ой муддатда Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.

Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади.

Оролбўйидаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қорақалпоқ халқининг таниқли намояндалари номидаги давлат стипендиялари таъсис этилади.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур олий таълим муассасаси ҳузурида илмий-тадқиқот, таълим, амалиёт ва ишлаб чиқаришга йўналтириш жараёнларини ўз ичига оладиган “Кимёвий технология” илмий-технологик лаборатория кластери ташкил этилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА