“Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда фракция томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берилди.
Ҳисобот даврида фракция депутатлари ташаббуси асосида 6 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Шунингдек, фракция ташаббуси билан “қонунларнинг асосий муаллифи халқ бўлиши керак” тамойилига бноан, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди.
Яъни, “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган механизм жорий этилди. Ушбу тизим орқали ўтган даврда 30 га яқин қонун лойиҳалари бўйича 400 дан ортиқ таклиф фракцияга тақдим этилди. Натижада уларнинг 90 дан ортиғи қонун лойиҳаларига киритилди.
Фракция назорат-таҳлил фаолиятида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича, партиянинг сиёсий кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ва тизимли иш олиб борди.
Жумладан, фракция томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳолати, хусусан, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ва сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Сурхондарё вилоятида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилди.
Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида секторлар ва ижро органлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам батафсил кўрилди. Ўрганишлар якунлари бўйича ҳулосалар тайёрланди ва ижросини таъминлаш мақсадида ҳукуматга таклифлар киритилди.
Жорий йилда фракция парламент эшитувларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, пандемия даври асоратларига қарамасдан таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби муаммолар ечимига эътибор қаратилди.
Айнан шу масала Қонунчилик палатасида ташкил этилган “Ҳукумат соати”га киритилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг касб-ҳунар таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни касбий таълимга қамраб олиш чора-тадбирлари ҳамда соҳани ривожлантиришдаги режалар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Шунингдек, фракция аъзолари бугун айрим ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш, ер участкаларини ажратишда коррупция ҳоллари учраб турганига алоҳида аҳамият қаратди. Ушбу масала ҳам фракция ташаббуси билан “Ҳукумат соати”га киритилди. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, пандемия даврида вақтинча даромадсиз қолган, ижтимоий-эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 минг 220 нафарига партия депутатлари ва кўнгилли волонтёрлари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди.
Тадбирда фракция фаолиятда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА