"Dori-Darmon": Олти ойда 166,0 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлар сотиб олинган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Dori-Darmon” Акциядорлик компаниясининг пандемия давридаги фаолияти” мавзусида матбуот анжумани бошланди.
«Dori-Darmon» акциядорлик компанияси юртимиз аҳолиси ва даволаш-профилактика муассасаларини арзон, сифатли дори воситалари билан таъминлаётган, улгуржи-чакана савдо билан шуғулланади.
Компания таркибида 7 та акциядорлик ва 13 та масъулияти чекланган жамият, 16 та назорат-таҳлил лабораторияси, 17 та улгуржи омбор, 2392 та ижтимоий дорихона ва дорихона шаҳобчалари фаолият юритмоқда.
Компания томонидан чекка ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисини дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида, махсус жиҳозланган, изотермик фургонли “ISUZI” ва “DAMAS” автомобиллари негизида 136 кўчма дорихона фаолияти йўлга қўйилган.
Улар маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида кўчма дорихоналар орқали чекка ҳудудларидаги аҳолига керакли дори воситалари ва тиббий буюмлари етказмоқда.
«Dori-Darmon» акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий корхоналари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига жорий ярим йилликда 54,4 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлари етказиб берди.
Компания маҳаллий фармацевтика корхоналари ҳамда 130 дан ортиқ хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, 2019 йилда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан 49,4 миллиард сўмлик, жорий йилнинг 6 ойида эса 166,0 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлар сотиб олинган.
Матбуот анжумани давом этмоқда.

 

ЎзА