Мўйноқда сув тежовчи технологиялар қурилди

Мўйноқ тумани “Қазақдарё” овулидаги ёшлар учун ажратилган экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қурилди. Ҳудди шундай томчилатиб суғориш технологияси “Мўйноқ ёшларининг чорвачилик комплекси” атрофида бунёд қилинган боғ ва ҳудуддаги 6 гектар майдонга экилган саримсоқ пиёз далаларида ҳам жорий қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, «Қазақдарё»даги экин майдонларидаги сув тежовчи технологияларни қуриш учун қўшимча 300 метрдан ортиқ канал қазилиб, 2 дона сув тўсувчи гидротехник иншоот қурилган.

Сув ортиқча исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида қўшимча қурилган каналга геотекстиль ва геомембрана ётқизилди. Ушбу канал орқали келган сув 4 та ҳовузда бир-бирига ўтказилиб, тиндирилади. Кейин махсус насослар ёрдамида далаларга ўрнатилган қувурлар ва шланглар орқали экин майдонига етиб боради.

Бундан ташқари “Қазақдарё”да 6 км суғориш тармоқлари реконструкция қилинди ва янгидан 2 км кўтарма канал қазилди. Шунингдек, “Қазақдарё” каналига 2 дона НДН-20 ва 1 дона СНПЭ 500/10 русумли насос агрегатлари ўрнатилди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасини амалга ошириш бошланган эди. Қорақалпоғистонлик ёшларнинг деҳқончилик билан шуғулланишларига имкон яратиш мақсадида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Мўйноқ туманидаги қайта фойдаланишга киритилган ва захира ер майдонларидан 5 минг гектар ажратиб берилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА