Марказий Осиё ва Россия ТИВ раҳбарлари учрашуви тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг видеоконференция шаклида ўтказилган учинчи учрашувида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.

Учрашув давомида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, миграция, маданий-гуманитар, хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик фаровонликни таъминлаш соҳаларидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

photo_2020-10-15_20-22-12.jpg

Ўзбекистон ТИВ раҳбари учрашув иштирокчиларига мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши самарали курашиш, пандемиянинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага салбий оқибатини юмшатиш, ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, корхоналар ва миллий экспортёрларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш масасига алоҳида эътибор қаратилди, бунда Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка янада жалб қилиш муҳим омил экани қайд этилди.

Тадбир якунида “Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирларининг ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари тўғрисидаги баёноти” қабул қилинди.

 

ЎзА