БМТнинг 2021 йилги бюджет лойиҳаси тақдим этилди

БМТнинг 2021 йилги бюджет лойиҳаси 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида кўрсатилмоқда. Ташкилотнинг бош котиби Антониу Гутерриш 12 октябрь куни тақдим этган ушбу лойиҳа 2020 йилдагидан 2,8 фоизга ёки 86,5 миллион долларга камдир, дейилади БМТнинг янгиликлар хизмати тарқатган хабарда.
Хабарда айтилишича, бюджетда 25 та лавозим қисқартирилиши ҳам ҳисобга олинган.
БМТ раҳбари бюджетда кўрсатилган маблағ Ташкилот ваколатини тўлиқ, самарали бажарилишини таъминлашига ишончи комиллигини билдирган.
Унинг эслатишича, сўнгги уч йил давомида Ташкилот ўзини ислоҳ этишда учта йўналиш бўйича сезиларли муваффақиятга эришган. Булар тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт ва бошқарув.
2021 йилда ушбу ислоҳотлар янги босқичга чиқади. Янгича ёндошувлар ишлаб чиқилади, жумладан тўртта янги департамент тўлиқ ишлай бошлайди, шунингдек мамлакатларда доимий координаторлар тизими янгиланади.
Таклиф этилаётган бюджетда қатор ташаббуслар ҳам ўрин эгаллаган. Улардан бири коммуникация соҳасида БМТнинг янги глобал стратегиясига мўлжалланган. Ташкилот шунингдек ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўли билан таҳдидларни бошқариш тизимини такомиллаштиришни кўзламоқда. Шунингдек ахборот технологияси соҳасида умумий тармоқларни мустаҳкамлаш учун захиралар ишга солинади.
Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ муаммолар, ушбу муҳим йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самарасини ошириш зарурлигини намоён қилди. Бунда бирдамликни кучайтириш ва ёлғон хабарларга қарши курашиш мақсадида БМТ томонидан алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилади.Ўтган йили Ташкилот икки йиллик бюджетдан воз кечиб, йиллик бюджетга ўтганди. Шу йўл билан натижадорликка мўлжалланган маблағ ўтказмалари масаласига янада ҳаётий ёндошув танланган.Аъзо давлатлар ўз зиммасига олган молиявий мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширсагина Ташкилот ўз олдига қўйган вазифаларни бажара олади.
Маълумот учун: БМТнинг доимий бюджети Ташкилотга аъзо давлатлар тўлайдиган бадали эвазига шаклланади. Ҳар бир давлатнинг тўлайдиган бадал миқдори БМТнинг умумий харажатидан келиб чиққан ҳолда фоизда ҳисобланади. Бадал шкаласини БМТ Бош Ассамблеяси ҳар уч йилда бир марта белгилаб олади. Унда давлатларнинг тўлов қобилияти тамойили асос қилиб олинган. Мазкур ёндошувда ҳар бир давлатнинг миллий ялпи маҳсулот ҳажми ҳисобга олинади. Агар бирор бир давлатнинг иқтисодиёти муваффақиятли ривожланаётган бўлса, у ҳолда ушбу давлатнинг БМТ бюджетига тўлайдиган бадал миқдори ҳам ошади.
Амалдаги шкала бўйича, АҚШ БМТнинг доимий бюджетига унинг 22 фоизини тўлайди, Хитой – 12 фоиз, Япония – 8,5, Германия – 7 фоиздан камроқ, Франция – қарийб 4,5 фоиз, Бразилия – 2,9, Канада – 2,7, Россия – 2,4, Австралия – 2,2, Қозоғистон – 0,18, Украина — 0,05, Беларусь ва Озарбайжон –0,04, Туркманистон ва Ўзбекистон –0,03, Грузия – 0,008, Арманистон – 0,007, Тожикистон – 0,004, Қирғизистон – 0,002 фоиз тўлайди.
Якуний қарор Бош Ассамблеянинг навбатдаги мажлисида тасдиқланади.

 

ЎзА