Тиббиёт муассасасида айрим жиҳозлар етишмайди

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан депутатлар, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари “Ақлли тиббиёт” лойиҳаси доирасида Оролбўйи ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, тадбирдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлашдан иборат.
Ушбу ҳафтада партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Нукус шаҳар Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибидаги ишчи гуруҳ аъзолари Нукус шаҳридаги 6-поликлиникада ўрганиш ишларини олиб борди. Натижада ушбу оилавий поликлиникада лаборатория хонасида термостат ва дозатор аппаратининг йўқлиги, рентген ва УТТ аппаратларининг эскирганлиги, стоматология хонасида лоток, зонт, пинцет каби жиҳозларнинг етишмаслиги, шунингдек, тиббиёт муассасасида кардиолог шифокорга эҳтиёж борлиги аниқланди.
Мазкур ўрганиш натижалари бүйича аниқланган камчиликлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли тартибда маълумотнома тақдим этилди.
Ушбу лойиҳа доирасидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА