“Ёш тенгдошлар” лойиҳаси учун тренинглар ўтказиляпти

Нукус шаҳридаги Президент мактаби ва Самарқанд шаҳридаги Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида ўқувчи-қизлар учун “Ёш тенгдошлар” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Ёшларга ҳамроҳлик қилувчи амалиётчи психологлар ва ёшлар етакчилари учун Соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатлик, стресс бошқаруви, юмшоқ кўникмалар, самарали мулоқот ва тақдимот, вақтни бошқариш, ижобий фикрлаш мавзуларини ўз ичига олган машғулотлар 12-16 октябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.
Пандемия сабабли санитария қоидаларига амал қилган ҳолда семинар-тренингларда 20 нафардан ўқувчи-қиз иштирок этмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун 40 нафар ўсмир-қизлардан иборат тренерлар гуруҳи шакллантирилган.
Мазкур семинар-тренингларда иштирок этган ўқувчи-қизларга тенгдошлик тамойили асосида ҳудудда жойлашган умумтаълим мактабларида (ўсмир-қизлар учун) семинар-тренинг ва инфо-сессияларни ташкил этиш ваколати берилади.
Лойиҳа давомида ўқувчи-қизларнинг “Қизлар саломатлик марказлари” билан ҳамкорликда ишлаш тизимини ривожлантириш орқали қизларнинг волонтёрлик ҳаракати ташкил этилади.
“Ёш тенгдошлар” лойиҳаси орқали ўқувчи-қизлар ўртасида эрта туғруқ, суцид ҳолатларининг олдини олиш, ўқувчи-ёшларни оилавий ва ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни асраш қоидаларига ёшларнинг амал қилишини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлашга эришиш кўзланган.
Мақсад ўқувчи-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, улар ўртасида АКТ саводхонлигини қўллаб-қувватлаш орқали соғлом турмуш тарзини тенгдошлар тамойили асосида тарғиб этишдир.
“Ёш тенгдошлар” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Лойиҳа давомида ўқувчи-қизлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси, вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган раҳбар аёллар билан онлайн мулоқот қилиши режалаштирилган.
photo_2020-10-15_16-11-02 (2).jpg

 

ЎзА