Қишлоқ аёллари улуғланди, соҳани ёритаётган журналистлар рағбатлантирилди

15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни 
Маълумки, ҳар йили Халқаро қишлоқ аёллари куни (International Day of Rural Women) бутун дунёда кенг нишонланади. Айниқса, қишлоқ аёлларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаоллиги ортиб бораётгани жамиятда уларнинг меҳнати нечоғли қадрли ва аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шунингдек, 16 октябрь – Бутунжаҳон озиқ-овқат куни бўлиб, бу йил БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ташкил топганига 75 йил тўлади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамкорлигида байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, фермер ва тадбиркор аёллар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Жаҳонда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ривожида аёллар улушининг ортишига замин яратаётгани алоҳида таъкидланди.
Маълумотларга кўра, ривожланган давлатлар, хусусан, мамлакатимизда ҳам қишлоқ аёллари тахминан 43 фоизни ташкил этиб, улар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, ва қайта ишлаш тармоқларида фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, Қишоқ хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотларида хизмат қилаётган ходимларнинг 12,8 фоизи хотин-қизлар бўлиб, уларнинг 116 нафари илмий даражага эга.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан бир бир гуруҳ фермер аёлларга рағбатлантирувчи совғалар тарқатилди.
– Ҳозир давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлар туфайли биз каби қишлоқ аёллари ҳам барча жабҳаларда фаоллик кўрсатяпти, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги кўп тармоқли “Дастонбек-Азизбек” фемер хўжалиги раҳбари Комила Жуманазарова. – Хўжалигимиз пахта, ғалла ва чорвачиликка ихтисослашган. Жорий йил 25 гектар пахта даласида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик. Натижа кутганимиздан аъло бўлди. Шу билан бирга, ўз маблағимиз ҳисобидан ҳудудимизда замонавий болалар боғчасини ташкил қилиб, қишлоқ аёлларини иш билан таъминладик. Муҳими, ўз меҳнатимиз билан оиламизга, юртимизга фойда келтираётганимиздан хурсандмиз.
Шунингдек, ушбу саналар муносабати билан қишлоқ хўжалигининг юксак ютуқларини оммалаштириш, журналистларнинг қишлоқ аёллари мавзусини мунтазам ёритиб боришларини рағбатлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида журналистик позицияларини кенг намоён этишларини таъминлаш мақсадида эълон қилинган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Танловга телевидение, босма ва интернет нашрларида чоп этилган жами 240 та ижодий иш тақдим этилган. Ушбу материалларда республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қишлоқ аёлларининг ўрни ва ютуқлари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, опа-сингилларимизнинг қишлоқни ривожлантиришдаги роли тўлалигича акс эттирилиши саралашнинг муҳим шартларидан бири эди.
photo_2020-10-15_16-05-51.jpg
Танлов натижаларига кўра «Аграр соҳа аёллари фидокорлиги» ва «Қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аёллар фаоллиги» йўналишлари бўйича 15 нафар ғолиб аниқланиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жумладан, интернет журналистика йўналишида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳбири Абдулазиз Мусаев иккинчи ўринни қўлга киритди.

 

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА