Тоза қўллар ҳамма учун

Ҳар йили 15 октябрда Бутунжаҳон Қўлларни ювиш куни (Global Handwashing Day) нишонланади. “Шу ҳам кўтариб чиқишга арзийдиган мавзуми?” дея хулоса қилишга шошилманг. Гап шундаки, мазкур ташаббус БМТ Бош Ассамблеяси, ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илгари сурилган бўлиб, 2008 йилда улар томонидан ҳар йили 15 октябрда Бутунжаҳон қўлларни ювиш кунини нишонлаш борасида қарор қабул қилдилар.
Бутунжаҳон Қўлларни ювиш кунининг асосий мақсади болалар ва катталар эътиборини турли хил юқимли касалликлардан ҳимоя қилишнинг самарали ва энг арзон усули сифатида қўлни совун билан ўз вақтида ва тўғри ювишга жалб қилишдан иборатдир. Акция “Тоза қўллар ҳамма учун” шиори остида ўтади.
1847 йилда Венадаги Умумий шифохонада доктор ёрдамчиси бўлиб ишлаётган шифокор Игнац Земмельвайс болалар ўлимининг кўплиги ва шифохонанинг туғриқхонасида фарзанд кўрган аёлларнинг иситмаси кўтарилиб кетишини таҳлил қилар экан, “чақалоқ ва оналарга ёрдам берувчи шифокорлар қўлларини ювмасликлари бунинг сабаби бўлиши мумкин”, деган хулосани илгари суради. Чунки ўша вақтларда ўлган беморларни ёриб кўрган ёки юқумли касалликка чалинган беморларни олдига бориб қайтган шифокорлар қўлларини ювмасди. Шу сабабли Игнац Земмельвайс шифокорларга қўлларини хлор эритмаси билан ювишни тавсия қилди.
Мана шу оддий чора ўзининг самарасини берди – ўлим ҳолати кескин камайди. Аммо, ўша вақтда Европада организмда касаллик келтириб чиқариш назарияси маълум эмас эди ва шу сабабли ҳам Земмельвайс таъқибга учради. 1850 йилда Земмельвайс Венани тарк этди, 1861 йилда унинг қўлларни ювиш назарияси акс этган китоби нашр қилинди. Ҳаётлигида назарияси тан олинмаган Земмельвайс 1865 йилда вафот этади.
Унинг ўлимидан беш йил ўтгач инглиз жарроҳи Жозеф Листер микроорганизмларнинг айбини тўла исботлаб берди. Орадан бир йил ўтиб Англияда ўз вақтида қўлларни ювиш тарғиб қилина бошланди, бунинг натижаси ўлароқ болалар ва аёллар ўлими кескин камайди.
Шифокорларнинг тан олишича, ифлос қўллар юқумли касалликларнинг бош омили экан. Яъни, шунчаки қўл бериб кўришиш орқали ҳам касаллик юқиши мумкин экан, бу бугунги COVID -19 билан боғлиқ пандемия даврида яна бир бор ўз исботини топди.
Болалар оддий буюм (масалан қалам, ручка, китоб, дафтар, ўйинчоқ, ҳатто эшик тутқичи)даги ифлосликлар кўзга кўринмаслигини тушуниб етишлари керак, демоқда мутахассислар. Агар қўллар ювилмайдиган бўлса мана шу ифлосликлар оғиз орқали инсон организмига тушади, ҳамда турли касалликлар бемор кишидан соғлом инсонга юқади.
Айрим тадқиқотларга кўра, ифлос қўлларда бир неча миллион микроорганизмлар мавжуд экан. Идорада ишловчиларнинг қўлида жисмоний меҳнат билан шуғулланаётганларга нисбатан кўпроқ микроорганизмлар бор экан. “Энг ифлос” буюм сифатида телефонлар (жумладан қўл телефонлари), ёзув столлари, клавиатура ва компьютер сичқончалари, шунингдек эшик тутқичлари ва чироқни ўчириб-ёқувчи мосламалар тан олинади. Касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар соат, узук ва браслетлар остида тўпланиб қолар экан. Шу сабабли эркакларнинг қўли аёлларникига нисбатан “тозароқ” экани айтилади.
Қўлдан қўлга бериладиган пуллар ҳам кўп ҳолларда касаллик тарқалишига сабаб бўлар экан. Тадқиқотларга кўра, қоғоз банкнотларда сил микробактерияси, зотилжам, тонзиллит, гепатит қўзғатувчилари бор экан. Айниқса, кўп ишлатилгани боис эски пулларда касаллик қўзғатувчилар кўпроқ бўлар экан.
Қўлларни совун билан ювиш терининг 90%ни микроорганизмлардан тозалашга ва касалликларни кўришиш йўли билан тарқалмасликни камайтиришга хизмат қилар экан.
Мутахассислар қўллар гигиенасига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлайдилар. Жумладан, ҳожатга боргандан кейин, овқат тайёрлашдан аввал, овқат танновулидан аввал, хом гўшт ва балиқ ушланганида, ҳайвонларга қўл билан тегилган тақдирда, жамоат жойларида бўлганда, транспортдан тушгандан сўнг албатта қўл совун билан ювилиши керак, деган фикрни айтишади. Таҳлилчиларнинг айтишларича, юқумли касалликларнинг 80% тегиниш орқали юқар экан.
Атиги 20% одамлар овқат тайёрлашдан аввал қўлини ювиши айтилади. Европалик тадқиқотчиларнинг фикрича, кўпчилик одамлар фақат кафтларни ювар экан. Шуни таъкидлаш керакки, бактерияларнинг катта қисми айнан қўлда бўлади. Одамлар ўртача қўлини 10 сония ювиши айтилади, аммо шифокорлар қўл камида 20 сония ювилишини тавсия қиладилар.
Мактабларда ўқувчиларнинг қўллари тез-тез ювиб турилиши лозим, деган таклифлар ўртага ташланади. Бу ўқувчиларнинг касаллик туфайли қолдириладиган дарслари сонини камайтирар экан. Масалан Хитойда бошланғич мактаблардла қўлларни совун билан ювиш қўлланила бошлангач касаллик туфайли ўқувчиларнинг дарс қолдириши 54% қисқарган. Қўллар тозалиги юқумли касалликларнинг олдини олишдаги энг самарали усул экани тан олинган. Бир кунда 6-10 марта қўлларни ювиш COVID-19 ёки грипп инфекцияси юқиши хавфини камайтиради.
Лондон Гигиена ва тропик тиббиёт мактаби ходимларининг фикрича, агар одамлар мунтазам равишда қўлларини ювиб юрсалар йил давомида бир миллионга яқин ўлимнинг олдини олиш мумкин экан. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, овқатдан аввал ва ҳожатдан сўнг қўлларни ювиш инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ва ўткир нафас йўллари хасталикларини чорак қисмга камайишига хизмат қилар экан.
Зотилжам ва оғир инфекция беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг асосий сабабидир. Ҳар йили бу касалликлар туфайли 1,8 миллион бола нобуд бўлади. Агар ривожланаётиган мамлакатларда қўлларни ювишга риоя этиладиган бўлса у ҳолда ўлим олати 50-70 %гача қисқариши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, ер шари аҳолисининг атиги 19%гина қўлларини совун билан ювар экан. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 42-49 %ни ташкил қилса, қашшоқ мамлакатларда зўрға 5 %га етади.
2019 йилги маълумотларга кўра, жаҳонда 2 миллиарддан ортиқ одам санитария воситаларидан маҳрум ва етарли даражада қўллар гигиенасига риоя қилмайди.
Сўнги вақтларда қўллар учун антисептиклар ёки санитайзерлардан фойдалана бошланди. Аслида бу воситалар 1990 йиллар сўнгидан бери ишлатиб келинади.
Мутахассисларнинг фикрича, таркибида 70 фоиз спирт бўлган антисептиклар ишлатилганидан 30 сония ўтиб 99,97 % бактерияларни, 60 сониядан кейин эса 99,99 % дан 99,999 %гача бактерияларни йўқ қилар экан.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, агар совун ва сув бўлмайдиган тақдирда, қўлларни тозалашда кул ёки қумдан фойдаланишни тавсия қилади.
Қўлларни тоза тутинг, касалликларнинг олдини олган бўласиз.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА