1-курсга талабаликка тавсия этилганлар учун таништирув дарслари бошланди

Бугун Навоий давлат кончилик институтида 1-курсга талабаликка тавсия этилганлар учун танишув дарслари бошланди.

Танишув дарслари белгиланган дарс жадваллари асосида ташкил этилиб, учта факультет ва Нукус филиалида таълим йўналиши учун дарслар ташкил этилди.
photo_2020-10-12_20-44-06.jpg

Aнъанавий таълим шаклида бошланаётган ушбу дарс жараёнлари карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, аудиторияларнинг 50 фоиздан кўп қисмига талабаларни киритмасдан олиб борилмоқда. Жуфтликлар орасида талабаларга 10 дақиқалик танаффус берилади.

Шунингдек, Навоий давлат педагогика институтида ҳам биринчи дарс сабоқлари олиб борилди.

photo_2020-10-12_20-44-00.jpg

– Бу йил институтимизга 4150 нафар талаба қабул қилинди, – дейди институт ректори Баҳодир Собиров. – Айни пайтда тўлов контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг ҳужжатлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

– Юқори балл билан институтнинг педагогика-психология йўналишига ўқишга қабул қилиниб, талаба деган шарафли номга сазовор бўлдим, – дейди Гулбаҳор Муйдинова. – Танишув дарсларида дастлаб мадҳиямиз янграб, 1-босқич талабалари дарс жадвали, дарс берадиган ўқитувчи ва профессорлар билан таништирилди. Керакли дарсликлар ва фойдаланиладиган адабиётлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, дарсларда олий таълим муассасаси талабаси мақоми, ўтиладиган дарслар, муҳим қоидалар, кредит-модул тизимида ўқиш тартиботлари тўлиқ тушунтирилди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА