Нукусда қурилаётган IT park филиалида 700 дан зиёд киши ишлайди

Нукус шаҳрида қурилаётган 16 қаватли бинодан иборат IT-park филиалида 700 тадан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Умумий майдони 14 минг 792 метр квадрат бўлган мазкур бинода IT-марказ, киберспорт, робототехника, IT-лабораториялар, конференц-заллар, ўқув хоналари, коворкинг марказлари ва офис бинолари жойлаштирилади.

Қаватлар тақсимотига кўра: 1-2-қаватлар – қабулхона, хавфсизлик ва техник хизмат кўрсатиш бўлимидан иборат. Бу ерда IKT музейи, кўргазма майдончаси, кутубхона, хизмат кўрсатиш маркази, IT-маҳсулотлар савдо майдончаси бўлади.3-4-қаватлар – бизнес хизматари: банк, консалтинг, босмахона, медиа-студия, серверлер бўлими ва бошқалар. 5-қават – катта ва кичик конференция заллари. 6-8-қаватлар – семинар заллари, IT маркази, ўқув хоналари, коворкинг зонаси (инкубатор/акселератор), VR/AR лабораториялари, 3D, Роботех, е-спорт ва бошқалар. 9-14-қаватлар – бизнес офислар, мажлис хоналари. 15-16-қаватлар эса IT меҳмонхонаси, ресторан, спорт комплекси бўлиши режалаштирилган.Филиалда “One Million Uzbek coders” платформасида рўйхатга олинган ёшлар фаолият кўрсатади.Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси 1,9 миллиондан ортиқ кишини ташкил этиб, шундан 57 фоизи ёшлар ҳисобланади. “One Million Uzbek coders” платформасида 2 минг 257 дан зиёд ёш йигит-қизлар руйҳатдан ўтди ва 378 нафар талаба курсни тугатиб, ўз сертификатларига эга бўлишди.Мазкур лойиҳани аҳоли ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд Рақамли технологиялар ўқув маркази, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда ҳудуддаги умумтаълим мактабларда ахборот постерлари жойлаштирилди.16 қаватли бино Нукусдаги энг баланд бино ҳисобланади. Филиал қошида яна 16 қаватли иккита турор жой биноси ҳам қад ростламоқда.Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ушбу кўп қаватли уй-жойлар ва IT-паркни бориб кўрди. 160 та хонадонга мўлжалланган иккита 16 қаватли турар жой мажмуаси 2021 йилда битказилади. Хонадонлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилади.

 

Е.Қаноатов, ЎзА