Ўзбекистон жаҳон хайрия индексида 25-ўринда

Давлатнинг волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаши нафақат муҳтожларга самарали ёрдам бериш, балки бутун жамият тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқармаси бош маслаҳатчиси
Зафар Мустафақулов иштирокида ўтган брифингда волонтёрлик фаолиятига оид маълумот тақдим этилди.
Таъкидланишича, волонтёрлик – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланиб, жамият ижтимоий соҳасининг ривожланишига таъсир кўрсатадиган мураккаб ва кўп қиррали ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Волонтёрлик тегишлича шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтиб, “ижтимоий иш” каби касбий фаолиятнинг вужудга келиши учун асос бўлади.
– Волонтёрликнинг муҳимлиги – жамиятдаги ижтимоий кескинликни камайтириш ва долзарб ижтимоий муаммоларни енгиллаштиришидир, – дейди З.Мустафақулов.- Бугунги кунда волонтёрлик ишлари бутун дунёда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бу ҳолат, биринчи навбатда, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга боғлиқ бўлиб, бозор муносабатларининг шаклланиши ҳамда хусусий бизнесни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.
Хайрли ишлар, волонтёрлик, хайрия фаолияти одамларни турли мақсадларга ундайди. Хайрия баъзиларда инсонларга нисбатан меҳр-шафқат уйғотса, бошқалар учун фойда келтирадиган фаолиятдир.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 80 дан ортиқ мамлакатларда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис, кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда. Кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади, улар муайян товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради. Давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади ва бу бюджет маблағларини иқтисод қилишга имкон беради. Кўнгиллилик, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига фаол киришиш жараёнларига кўмаклашиш, зарур иш тажрибасини тўплаш, меҳнат бозори талаблари бўйича малака ва кўникма ҳосил қилиш, ижтимоий муносабатларда уларнинг фаоллигини оширишга туртки беради.
Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) – дунё мамлакатларининг ютуқларини аҳолининг хайрияга муносабати нуқтаи назаридан ўлчайдиган кўрсаткичдир. Жаҳон хайрия индекси 153 мамлакатни ўз ичига олади ва бу мамлакатлар аҳолисининг хайрия соҳасида қанчалик фаол эканлигини кўрсатади. Бугунги кунда мазкур хайрия индексида мамлакатимиз 25 ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга волонтёрлар кучидан фойдаланган ҳолда хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси ва турли тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” (“Мы вместе!” “We are together!”) ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ўз уйларида турли хилдаги маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланадиган, бироқ уларни реализация қилишда қийинчиликларга учраётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг тайёрлаган маҳсулотларини реализация қилиш учун йирик савдо мажмуаларида бевосита Адлия вазирлигининг кўмагида имтиёзли асосда махсус савдо расталари ташкил қилиниб, ушбу савдо мажмуалари раҳбарлари билан ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли келишувлар имзоланган эди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “ECOBOZOR” савдо мажмуасида вазирлик томонидан Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар 1-республика савдо ярмаркаси ўтказиб келинмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграцияси ва тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини эркин меҳнат қилиши ҳуқуқларини таъминлаш нафақат давлат органларининг, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам вазифаси ҳисобланади.
Шу боис, навбатдаги ярмарка жорий йилнинг октябрь ойида “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида вазирлик ҳамда “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда ижтимоий шериклик асосида ўтказилиши режалаштирилди.
Волонтёрлар фаолиятидан фойдаланишда, амалга ошириладиган ишларнинг оғирлигига қараб волонтёрларни тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтказиш, режалаштирилган меҳнат тури бўйича тўлиқ маълумотларга эга бўлиши, меҳнат тури ва шарт-шароитдан келиб чиқиб махсус кийим-бош, бажараётган иш ҳажми ва кўламига қараб маош, шунингдек, тураржой, тиббий хизмат ва иссиқ овқат билан таъминлаш, меҳнат объектини танлашда хавфсизлик даражаси, ёшларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмаслик каби жиҳатлар эътиборга олиниши лозим.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА