Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари Хўжайли ҳамда Кегейли туманларидаги бир қатор фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўрганиш ишларини олиб борди.

Хусусан, Хўжайли туманидаги “Жангабай Жаулан”, “Бакиев Ўткир”, “Джумаш Ата”, “Ободонлаштириш” ва “Тангатаров Сахий” фермер хўжаликлари далаларида пахтадан униб чиққан мўл ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари билан банд бўлган теримчиларга меҳнат ва дам олиш учун яратилган шароитлар, бугунгидек пандемия даврида терим ишларининг санитария-эпидемиология нормаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилиши, теримчилар билан меҳнат шартномаларнинг тузилиши, терим пулларининг ўз вақтида тўланиши ҳамда дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминланиш ҳолатларини ўрганди.

Ҳар куни 110-130 килограммгача пахта териб келаётган илғор теримчилардан А.Жумамбетова, А.Пирниязова, С.Алимова, М.Турғанбаевларга совғалар топширилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Кегейли туманига ҳам ташриф буюриб, тумандаги “Жузимбағ”, “Қумшунгил”, “Дослиқ”, “Қипчоқ” овул фуқаролар йиғинларидаги бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, теримчилар билан суҳбатлашди.

– Терим пулларидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар беш кундан олиб турибмиз. Меҳнат шартномалари тузилган. Ҳар куни 120-130 килограммгача пахта тераман. Фермеримиз дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик сувлари билан таъминлаб қўйибди, – дейди илғор теримчилардан бири Гулсанем Қабулова.

Тумандаги ташаббускор, қобилиятли ёшлар томонидан дала бошида теримчиларга маданий-кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкиллаштирилмоқда.

 

Ичши гуруҳ аъзолари илғор теримчиларга совғалар топширди.

Ўрганиш ишлари туманлар бўйлаб давом этмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.