Аввал хабар берилганидек, пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратилишда мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича ташкил қилинган республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистонда бўлиб турибди.

Ишчи гуруҳ вакиллари бугун Тахиатош ва Нукус туманларига ташриф буюриб, теримчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва улар билан суҳбатлашди.

 

Тахиатош тумани нафақат саноати билан, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ирвожланганлиги билан республикамиздаги намунали туманлардан биридир. Мазкур туманда ҳозирги кунда 74 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 30 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида яшайди. Шу сабабли, пахта теримчиларининг кўпчилиги шаҳардан келади. Тумандаги кластер томонидан теримчиларга автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунга қадар туманда 3 минг тоннадан ортиқ пахта хом-ашёси йиғилган.

Теримчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туманнинг 3 минтақасида энг кўп пахта терувчилар ўртасида мунтазам равишда мусобақалар ташкил этилиб келинаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ғолибларга телевизор, микротўлқинли печ, сув иситгич ва ҳар бир иштирокчига пахта пулларидан ташқари 50 минг сўмдан мукофот пуллари топширилмоқда.

Туманда ҳозирги кунда иккинчи терим давом этаётган бўлиб, теримчиларга пахта хом-ашёсининг ҳар бир килограмми учун 1400 сўмдан, ҳар беш кундан кечиктирмасдан пуллари ўз вақтида тўлаб берилмоқда.

Теримчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун ташаббускор ёшлар томонидан ҳар куни тушлик пайтида концерт дастурлари ташкил этилиши йўлга қўйилган.

 

Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги «Мустақиллик», «Қуваниш», «Худайберди Ражапбай» фермер хўжаликларининг пахта далаларида бўлиб, теримчилар билан яратилган шароитлар тўғрисида суҳбат олиб борди. Далаларда пандемия шароитини инобатга олиб, пахта йиғим-терими ишлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштирилгани, теримда иштирок этаётган теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилганига гувоҳ бўлишди.

 

Теримчилар учун дала бошида иссиқ овқат ва ичимлик сув билан таъминланганлиги, теримчиларга терим пуллари ҳар беш кундан, зарур ҳолларда теримчилар истагига кўра кундалик бериб турилганлиги аниқланди.

Ўз навбатида теримчилар ҳам терим пулларининг ўз вақтида бериб борилаётгани, шароитлардан мамнунлигини билдирди. Илғор теримчиларга рағбатлантириш мақсадида совғалар берилди.

 

Азалий деҳқонлар юрти бўлмиш Нукус туманида бу йилги пахта теримида туманнинг 1200 нафар уюшмаган аҳолиси ва Нукус шаҳридан 800 нафар теримчи иштирок этмоқда. Туманда пахта етиштиришга ихтисослашган 115 фермер хўжалиги бўлиб, уларда жами 24 отряд ташкил этилган.

Теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган бўлиб, барча ишлар санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштирилган. Терим пуллари ҳар беш кундан тўлаб берилмоқда.

– “Қутанкўл” МФЙ ҳудудидаги “Оразгул-Абат” фермер хўжалиги даласида пахта теряпмиз. Ҳамма шароитлар мавжуд. Пулларимизни ҳар беш кундан тўлиқ бериб туришибди. Кунига 150-210 килограммгача пахта теряпмиз. Пандемия шароитида бу биз учун қўшимча даромат манбайига айланди, – дейди Байрамгул Гулманова.

Ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг “Ақманғит”  овулидаги “Ырысқы Несийбе”, “Шортанбай” овулидаги “Мақсим ой” ҳамда “Қонис Батир” фермер хўжаликларида пахта тераётган теримчилар билан суҳбатлар олиб борилди, илғор теримчиларга совғалар топширилди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.