​Ўзбекистон делегациясининг Душанбега ташрифи самарали бўлди

Душанбеда “Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ўзбек – тожик стратегик шериклигида янги саҳифанинг очилиши” мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини якунлади.

Анжуман доирасида илмий-тадқиқот, таҳлилий марказлар ва олий ўқув юртлари вакиллари ўртасида алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотувчи соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.Хусусан, Ўзбекистоннинг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Иқтисодиёт ва демография институти, шунингдек, Ўзбекистон давлат консерваторияси билан Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Санъатшунослик институти ўртасида ўзаро англашув меморандумлари тузилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Физика-техника институти билан илмий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти ва Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Геология, зилзилабардош қурилиш ва сейсмология институти сейсмология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқот институти ва Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонлар ўртасида амал қилувчи меморандум доирасида ўзаро қизиқиш уйғотувчи долзарб масалалар бўйича биргаликда илмий-тадқиқот тадбирларини ташкил қилиш ҳақида келишиб олди.

Шу билан Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи якунланди.

 

ЎзА