Душанбеда халқаро конференция бошланди

ДУШАНБЕ, 14 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Ғайрат Хонназаров хабар қилади.
Ҳозиргина Душанбе шаҳрида “Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ўзбек-тожик стратегик шериклигида янги саҳифа очилиши” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Тожикистон Миллий кутубхонасининг катта мажлислар залида бўлиб ўтаётган анжуманнинг очилиш маросимида Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академияси президенти Фарход Раҳимий, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов ва мамлакатимизнинг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов табрик сўзи билан иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасидаги илдизи асрларга бориб тақаладиган азалий дўстлик, қардошлик муносабатлари бугунги кунда янгича шакл, мазмун ва моҳият касб этгани, айни жараённинг асл сабабчилари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг қатъий сиёсий иродаси, изчил, мақсадли саъй-ҳаракатлари туфайли турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик кўлами мисли кўрилмаган даражада юқори суръатда кенгайиб бораётганини қайд этдилар.
Энг муҳими, давлат раҳбарларининг бу борадаги интилишларини нафақат сиёсий доиралар, мутахассис, экспертлар, балки икки мамлакатнинг оддий халқи ҳам чин юракдан, самимий эътироф этмоқда. Зеро, Ўзбекистон – Тожикистон ўртасидаги илиқ муносабатлар бугунги кунда ҳар жабҳада, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, таълим, илм-фан, санъат ва маданият каби турли соҳаларда жадал тараққий этиб бормоқда. Қолаверса, асрлар синовидан ўтган биродарлик, қондошлик алоқалари оддий инсонлар ўртасидаги борди-келди, қариндош-уруғ, қуда-анда кўринишида ҳам қайта тикланиб, мустаҳкамланиб боряпти.
– Биз бу кунларни узоқ, орзиқиб кутдик, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори Боқижон Тўхлиев. – Биз бу кунларни жудаям соғингандик. Ниҳоят, шундай қувончли, саодатли замонларни кўриш бизга насиб этди! Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли икки халқ яна, худди қадим-қадимдан давом этиб келаётганидек, ўзаро тинч, дўстона яшай бошлади. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида шундай дейилган: “Яхши одам ўз яхшиликларини ўзининг қулоқлари билан ҳам эшитсин”. Яна бир Ҳадис бор: “Ҳар бир халқ ўзининг пайғамбарига муносибдир”. Бемалол айтиш мумкин, бу икки халққа шундай етакчиларни Аллоҳнинг ўзи етказди.
Конференциянинг очилиш маросимидан сўнг Ялпи мажлис бошланади. Бу ҳақда алоҳида хабар берамиз.
photo_2020-09-14_10-00-22.jpg
photo_2020-09-14_10-00-21.jpg

 

Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА