Онлайн: Тестда иштирок эта олмаган абитуриентга тўлов қилинган маблағи қайтариб бериладими?

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилаётган тест жараёнларининг дастлабки якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда қайси ҳолатда тестда иштирок эта олмаган абитуриентга тўлов қилинган маблағи қайтариб берилишига аниқлик киритилди.
Қайд этилишича, тест синовларида иштирок эта олмаган абитуриентларнинг маблағи махсус комиссия қарори ишлаб чиқилгандан сўнг қайтариб бериш масаласи ҳал этилади.
Тест синовлари тўлиқ якунланиб, натижалар эълон қилингандан кейин абитуриентларнинг ариза ва шикоятлари онлайн тарзда кўриб чиқилади.
Октябрь ойи бошида апелляция жараёнлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, жараённи ота-оналар тўлиқ кузатиш имкони яратилади. Апелляцияда фақат абитуриентнинг ўзи бевосита иштирок этиш имкони берилади. Улардан қайта имтиҳон олинмайди.
– Бу йил абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест саволлари бирмунча соддалаштирилганлиги боис, натижалар ўтган йилга нисбатан баланд кўрсаткичга эга бўлди. Агар саволлар бунданда соддалаштирилса, тест синовларига ҳожат бўлмайди, – дейди Сардор Ражабов.
Брифингда таъкидланишича, Самарқанд вилоятида назоратчининг айби билан абитуриентларнинг жавоб варақаси алмашиб кетган ва назоратчи тест синовларидан четлаштирилган. Гуруҳ назоратчиси белгиланган тартибларга риоя қилмаганлиги учун унга қарши тегишли чоралар кўрилган ва уларнинг фаолият кўрсатадиган ташкилотига ҳам бу ҳақда маълум қилинган.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА