Онлайн: Тест натижалари қай тартибда эълон қилинади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилаётган тест жараёнларининг дастлабки якунига бағишланган матбуот анжуманида Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабовнинг маълум қилишича, олий таълим бакалавр йўналишига тест синовлари ижодий ва тест тартибида бўлиб ўтди. Натижалар бир кунда эълон қилинади.
Тез кунларда абитуриентлар имтиҳон топширган таълим йўналишлари бўйича ўзларининг натижасини билиб олиши мумкин бўлади.
Ҳарбий олий таълим муассасаларига тест синовларидан ўтган номзодлар орасида давлат томонидан берилган имтиёзга эга абитуриентлар кўпчиликни ташкил қилади.
Пандемия сабабли айнан Covid-19 га чалинган абитуриентлар тест синовларида иштирок эта олмаса уларга қайта имконият бериш масаласи кўриб чиқилади. Коронавирусдан бошқа касаллик билан оғриб, тест жараёнларида иштирок эта олмаган абитуриентларга тест синовлари қайта ташкил этилмайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим муассасаси қабул квотасининг 2 фоиз доирасида қўшимча жойлар ажратилади ва шу бўйича танловда иштирок этади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА