Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутахассислари маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига йиғим-терим ишларига тайёргарликнинг бориши, мавсумни мажбурий меҳнатга йўл қўймасдан ташкил этиш, теримчилар ва ҳудудлардан борган хашарчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот беришди. Шунингдек. мавсумий ишчиларни йиғим-теримга жалб этишда меҳнат қонунчилигига, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш ва бошқа долзарб масалаларга тўхталишди.
photo_2020-09-12_11-53-32.jpg
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 86 минг 291 гектар майдонга чигит қадалиб, шундан 196 минг тонна пахта хомашёсини етиштириш режалаштирилган. Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Оролбўйида ҳам пахта-йиғим терими бошланди. Йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган «оқ олтин»ни нес-нобуд қилмасдан териб олиш мақсадида жойларда 1606 та отряд ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда-1000 сўмдан, иккинчи теримда-1400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
photo_2020-09-12_11-53-52.jpg
Бундан ташқари, мазкур қарорга мувофиқ пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари томонидан жалб этилган терим отряд раҳбарларига 2 миллион сўмдан меҳнат ҳақи, Қонликўл, Қораўзак, Кегайли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманларида йиғим-теримга теримчиларни жалб этиш мақсадида ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун 200 сўмдан устама ҳақ тўлаш белгиланди.
Жорий йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида фермерлар, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари иштирокида семинарлар ташкил этилди. Ҳар бир туманнинг аҳоли гавжум жойларига «Сизни пахта терими ёки бошқа ишга мажбурлаяптими» мавзусида 3 тадан жами 51 та баннер ўрнатилди. Аҳоли ўртасида шу мавзуда 10 мингдан зиёд эслатма варақаси тарқатилди.
photo_2020-09-12_11-53-25.jpg
Баннер ва эслатма варақасида вазирликнинг ишонч телефони рақамлари, меҳнат ҳуқуқ телеграмм боти кўрсатилган бўлиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйилган тақдирда фуқароларнинг тегишли идораларга мурожаат этиши учун имконият яратилди. Қорақалпоғистон Республикасида белгиланган тартибда 81600 нафар теримчи билан шартнома имзоланди.
Тадбир иштирокчилари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА