Товар кодини алмаштириш иш бермади

Товарларнинг кодини ўзгартириб, божхона тўловларидан қочиш, пировардида яширин иқтисодиётга қўл уришга бўлган уринишлар божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.
Хорижда ишлаб чиқарилган товарларнинг импорти амалга оширилганида божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича қўлланилган товар кодига бевосита боғлиқдир. Товар кодини бошқа товар коди билан алмаштириб тақдим этиш “яширин иқтисодиёт”нинг илдиз отишига замин яратади.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ҳудудда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинган “рулонларда цинкланган пўлат” товарининг ҳужжатлари текширилганида тақдим этилган кодлар божхоначиларда шубҳа уйғотди.
Натижада бошқарманинг Ташқи иқтисодий фаолиятни нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси гуруҳи томонидан экспертиза тайинланди. Унинг натижасига кўра, ҳужжатларда мазкур товарнинг коди бошқа товар кодига яъни бўялган пўлат рулонларига алмаштириб тақдим этилганлиги аниқланди ва умумий оғирлиги 209 тоннага тенг бўлган мазкур товарга 160 миллион сўм қийматида қўшимча божхона тўлови ҳисобланди.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА