Боғчалар қачон очилиши маълум қилинди

7-14 сентябрь кунлари Тошкент ва Тошкент вилояти туманларида биттадан 5-7 ёшли болалар учун мактабгача таълим ташкилотларининг тайёрлов гуруҳлари очилмоқда. 14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён мамлакат бўйлаб босқичма-босқич амалга оширилади. 4-5 ёшли болалар учун ўрта гуруҳлар очилиши октябрь ойига, 3 ёшли болалардан иборат кичик гуруҳлар очилиши эса ноябрь ойига режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан боғчалар фаолиятини қайта йўлга қўйиш, пандемия шароитида тарбияланувчилар саломатлигини асраш юзасидан ўтказилган анжуманда маълум қилинди.– Очилиш муддатлари мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга қараб ўзгариши мумкин, – деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Электрон навбат фаолияти жорий йилнинг ноябрь ойигача ишламай туради. Ҳозирча барча саъй-ҳаракатларимиз МТТга қатнашни бошлаган тарбияланувчилар учун хавфсиз шароитлар яратишга йўналтирилган.

Анжуманда таъкидланишича, гуруҳ учун тавсия қилинган болаларнинг максимал сони 15 нафар. Мактабгача таълим муассасалари мутахассислари пандемия шароитида ишлашни ўрганиши, вазирлик эса кўникма орттириб улардан хулоса чиқариши кўзда тутилмоқда.

3 ёшли болалар ижтимоий масофа ва гигиена аҳамиятини тушунмаслиги, бу эса улар ва атрофидагилар саломатлигини хавф остига қўйиши мумкинлиги инобатга олиниб, МТТга боришни давом эттириш жиддий зарурат бўлган ҳоллардагина тавсия қилинмоқда.

– Амалга оширилган чора-тадбирлар, кўрилаётган тайёргарликларга қарамай, бола учун қадрдон уйидан хавфсизроқ жой йўқ, – деди А.Шин. – Тарбияланувчи ўрни МТТда сақлаб қолинади. Қолаверса, ота-оналар эркин қатнов тартибини ҳам танлаши мумкин.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА