“Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлома қулай имконият яратиш ва истеъдодини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

25.jpg
Танловда шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг, шунингдек, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Танлов якунида ёзувчи Бекназар Эрназаров, «Эркин Қорақалпоғистон» газетаси масъул котиби Сағиндиқ Жаниев, Қорақалпоғистон телеканали хабар ва ахборот таҳлил таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Бахит Тўлепова, Қорақалпоғистон радиоканали муҳаррири Инкар Пиримбетова ва бошқалар ғолиб бўлди.

14.jpg

– Энг улуғ, энг азиз байрам муносабати билан ўтказилган тадбир ҳар биримизга катта масъулият юклайди, – дейди «Эркин Қорақалпоғистон» газетаси масъул котиби Сағиндиқ Жаниев. – Мазкур танлов халқаро Журналистлар бирдамлик куни ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятли.

Барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА