Беморларни даволаш йўлида жонини фидо қилди

Бутун жаҳонни ларзага солаётган коронавирус инфекциясига қарши курашишда биринчи навбатда шифокорлар, барча тиббиёт ходимлари фидойилик кўрсатмоқда. 
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
Афсуски, коронавирус билан қарши курашишда айрим тиббиёт ходимлари вафот этмоқда. Шулардан бири, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали неврология бўлимининг катта ҳамшираси Зулфия Джуманиязова коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг саломатлигини тиклаш йўлида ўз жонини фидо қилди.
З.Джуманиязова 1964 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида туғилди. 1984 йилда Москва шаҳридаги тиббиёт билим юртини тугатиб, ўз меҳнат фаолиятини У.Халмуратов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази жонлантириш бўлимида ҳамшира бўлиб ишлашдан бошлади. 1996-2001 йилларда академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиалида катта ҳамшира бўлиб ишлади. 2001 йилдан эса республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг дастлаб жонлантириш бўлимида, сўнгра неврология бўлимининг катта ҳамшираси бўлиб ишлаб келди.
Олий тоифали ҳамшира Зулфия Джуманиязова мамлакатимизда тиббиёт тизимини ривожлантириш, ундаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, ногиронликнинг олдини олиш борасида фидойи меҳнат қилиб келаётган ходимлардан бири эди.
Бундан ташқари, ёш талабаларга, яъни бўлғуси ҳамшираларга, самарали иш услубларини ўргатиб, кўплаб шогирдлар тайёрлаб келди. Айниқса, тиббиёт муассасасида ўтказилган ҳар бир маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, беморлар, уларнинг ота-оналари орасида тарғибот ва профилактика ишларини олиб борди. Болалар тарбияси, улар орасида учрайдиган касалликларнинг олдини олишда ота-оналарининг масъулияти хусусидаги давра суҳбатларида ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб келди.
Доимо ўз устида ишлаб, назарий билимларини ошириб борди. Ўзининг жонкуярлиги, меҳрибон ва ширинсўзлиги, меҳнатсеварлиги билан беморлар, ҳамкасблари ва аҳолининг ҳурматини қозонди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда шифокорларнинг яқин ёрдамчиси бўлди. Қандай хизмат буюрилмасин, ҳеч қачон қаршилик билдирмади.
Ўз касбининг фидойиси, ёшларнинг севимли устози бу ёруғ дунёни тарк этди. Изида уч нафар фарзанди, кўплаб шогирдлари қолди. У 35 йиллик меҳнат фаолияти давомида ёш ҳамшираларга касбга садоқат намунасини кўрсатди.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унда ушбу офат туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз мамлакатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиали неврология бўлими катта ҳамшираси Зулфия Джуманиязова вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланди.
– Бу Зулфия опанинг меҳнатига берилган ҳақиқий баҳо эди, – дейди шогирдларидан бири Муслима Тилеўбергенова. – Ўз касбини чин кўнгилдан севадиган, фидойи, ғамхўр устозимиз билан 18 йил давомида бирга ишладик. “Яхши сўз-жон озиғи”, шунинг учун ҳам беморлардан яхши сўзингизни, меҳрингизни аяма, – деб насиҳат берар эди биз ёшларга.
Қайси бўлимда ишламасин, шогирдларидан бор билим ва тажрибасини аямади. Унинг севимли чеҳраси, инсонийлик фазилати, тиббиёт соҳасидаги намунали хизмати ҳамкасбларининг қалбида узоқ сақланади.
Ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларнинг куну-тун фидокорона меҳнатлари ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг мардлик ва жасорати халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб қолади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА