Қорақалпоқ ўтови бошқа халқлар ўтовидан нимаси билан фарқ қилади?

Қорақалпоқ халқи узоқ ўтмишдан сўзловчи ўтов – қора уйи билан машҳур. Отамерос қадрият сифатида сақланиб қолган ушбу қора уй ўзига хос кўриниши ва қурилиш услуби билан бошқа халқлар ўтовидан ажралиб туради.
Бугун миллий ўтовлардан ҳудуд туристик салоҳиятини оширишда кенг фойдаланилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида қорақалпоқ ўтовини барча буюм ва ускуналари билан намойиш этиш учун махсус ўрин ажратилган.
Шунингдек, Аёзқалъа, Тупроққалъа каби қатор тарихий ёдгорликлар ёнида ва Орол денгизи бўйларида ҳам ўтовлар тикилган. Ўтов тиклашда қўлланиладиган ашёлар тайёрловчи усталарни халқ ичида “уйчи” дейишади. Бу касб уларга ота мерос. Қорақалпоғистон ҳудудининг аксарият қисмида шундай усталар бўлган ва улар яшайдиган қишлоқлар “уйчи овул”, деб юритилган. Бундай номдаги қишлоқларни ҳозир ҳам учратиш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қора уйни ҳар қандай ёғочдан ясаб бўлмайди. У чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Сабаби, кўчманчилар турмушига хос бундай бошпаналарни тикиш ва йиғиш тез-тез такрорланиб турган. Табиийки, бунинг учун синмайдиган, мустаҳкам ёғоч зарур бўлган.
Қора уй 3 босқичда ишланади – дастлаб, кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанироқ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак) деб юритилади. Шанироқ – қора уйнинг энг муҳим қисми бўлиб, у гумбазсимон доирадан иборат. Шанироқнинг ўртасига эгилиб ишланган икки қаторли ярим доира ёғоч “тўғин”, дейилади. Айнан ушбу тўғин қора уйни бошқа халқлар ўтовидан ажратиб туради. Қора уйнинг яна бир қисми “эрганак”, яъни, “эшик” деб юритилади. Уни бошқа уста ишлайди. Эрганак ўйма нақшлар билан безалади ва қизил рангга бўялади
Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. 5 қанотли уйлар кам учрайди. Одатда, 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган. 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг тикилган. Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги “Маслаҳат тепа”га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган. Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.
Ўтовнинг ўнг томонида ёшига қараб эркаклар, сўл томонида хотин-қизлар ўтиради. Ўнг томон муқаддас ҳисобланган ва эркаклар ўтирган ўринни хотин-қизлар босиши қатъий тақиқланган. Қора уйнинг эшиги паст бўлгани учун ичкарига энгашиб кирилади. Бу уйга таъзим қилиб кириш зарурлигини англатган.
Ҳозирда Чимбой туманида 20 дан ортиқ уйчи, яъни ўтов тикловчилар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар ҳудудда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
photo_2020-08-06_12-13-17.jpg
photo_2020-08-06_12-13-20.jpg
photo_2020-08-06_12-13-22.jpg

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА