Ўзбекистон ва Туркия парламентлари раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Раиси Мустафа Шентоп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Икки мамлакат парламентлари раҳбарлари бутун мусулмон оламининг шодлик ва шукроналик, хайр-саховат ва эзгулик айёми бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан самимий тилак билдирдилар.
Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Раиси Мустафа Шентоп коронавирус пандемиясини тезроқ енгишни тилаб, бу борада Туркия Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди.
Томонлар давлатлар президентлари бошчилигида олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ва яқин муносабатлар олиб борилаётгани натижасида барча соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани тўғрисида сўз юритди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ўзаро алоқаларнинг шартнома-ҳуқуқий асосини яратиш билан бирга амалий чора-тадбирлар кўришни тақозо этиши борасида тўхталиб ўтилди.
2020 йил февралда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи доирасида тарихда илк бора энг юксак форматдаги, яъни икки давлат раҳбарлари ҳамраислигидаги олий даражадаги Ўзбекистон –Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якуни бўйича эришилган келишувларни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида парламентлар ҳам муносиб ҳиссасини қўшиши кераклиги қайд этилди.
Бундан ташқари, шакллантирилган дўстлик гуруҳлари томонидан парламентлараро ҳамкорлик борасида фикр алмашилаётгани, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Тадқиқот маркази ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Суҳбат дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

ЎзА