Мотуридия таълимоти кенг ўрганилади, тарғиб этилади

Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция якунланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур халқаро конференцияда йигирмага яқин давлатдан уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Нуфузли анжуманда Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Икки кун давом этган халқаро конференциянинг асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди. Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Жумладан, Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётгани таъкидлади.
Туркия ислом илмлари академияси мудири Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурийнинг айрим ёшлар ўзини шариат билимдони қилиб кўрсатган кишиларнинг ҳақиқатни ёлғон билан қориштириб тарғиб этиши натижасида аҳли сунна вал жамоадан бўлган ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларидан йироқлашиб бораётгани, оқибатда ибратли маънавий меросдан узилиб қолаётгани ҳақидаги фикрлари ҳам қатнашчиларга манзур бўлди.
Анжуман якунида иштирокчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу тавсияларда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилган. Хусусан, аллома асарлари библиографиясини яратиш, китобларни кўпроқ нашр этиш, уларда илгари сурилган ғоя ва қарашларни содда тилда ёшларга ўргатиш, махсус сайт яратиб, Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти ҳақида маълумот бериб бориш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, анжуман қатнашчилари Ал-Азҳар университети талабалари ва тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий асарлари ва мотуридия таълимоти бўйича анъанавий танлов ўтказиш ҳамда бу танлов ғолибларининг Ўзбекистонга илмий-ижодий сафарларини уюштириш ташаббусини билдирди.
Самарқандда катта шукуҳ билан ўтган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари бағрикенг, меҳмондўст ўзбек халқига, оламшумул ислоҳотлар билан дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонаётган, эътирофига сазовор бўлаётган ҳамда халқ манфаатлари йўлида улкан ислоҳотларни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирдилар.
Анжуманнинг якуний ялпи йиғилишида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб иштирок этди.
Халқаро конференция қатнашчилари Имом Мотуридий, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуалари, шунингдек, Самарқанддаги бошқа муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари