Мақсадимиз – Самарқандни жаҳон туризм марказига айлантириш, аҳоли учун замонавий турмуш шароити яратиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари сафарлар чоғида туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Шу асосда дастурлар тузилаяпти, уларни амалга ошириш бўйича йўл хариталари тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида 2019-2020 йилларда амалга ошириш белгиланган умумий қиймати 19,6 триллион сўмлик 987 лойиҳанинг 572 таси бўйича 2,3 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 таси тўлиқ якунига етказилди. 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш доирасида 88,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бу 2018 йилнинг шу даври билан таққослаганда, қарийб 1,5 баробар кўпдир.
Инвестиция дастурига кўра, бу йил Самарқанд вилоятида 565,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 151 объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозиргача 22 мактаб, 8 тиббиёт муассасаси ва 12 ичимлик сув объектида белгиланган ишлар якунланди.
Президентимиз Самарқанд халқаро аэропортида мазкур ҳаво дарвозасини ривожлантиришга оид лойиҳа билан танишди.
1927 йилда фаолият бошлаган аэропортда 2009 йилгача бир неча марта қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Лекин бугун аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини замон талаблари даражасида, деб бўлмайди. Бу ердан ҳафтасига 37 марта хорижий ва маҳаллий парвозлар амалга оширилиб, йил бошидан буён 220 минг йўловчига хизмат кўрсатилган.
Кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар туфайли Самарқандга келадиган сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоятга 1 миллион 433 минг турист ташриф буюрган. Уларнинг 227 минг нафарини хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Ушбу рақамларни икки йил олдинги кўрсаткичлар билан қиёслаганда, туристлар оқими тўрт баробар ошганини кўриш мумкин. Келгусида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, бунинг учун зарур инфратузилма яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар Самарқанднинг ҳаво дарвозаси имкониятларини ҳам кенгайтиришни тақозо этаяпти.
Тақдим этилган лойиҳага кўра, аэропортда соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, миллий меъморлик анъаналарига риоя этиш кераклигини таъкидлади. Аэропорт фаолиятида замонавий бошқарувни жорий қилиш, реконструкция ишлари амалга оширилаётган пайтда эса Самарқандга поезд ва автобуслар қатновини кўпайтириш, аҳоли ва туристларга муқобил қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Аэропортни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим. Аксарият давлатлар халқлари юртимизни кўҳна Самарқанд орқали тасаввур қилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳақида гапирганда, аввало, бу қадим шаҳарни тилга оламиз. Тўғри, айни пайтда вилоятга туристик қатновлар асосан “Afrosiyob” тезюрар поездлари орқали амалга оширилмоқда. Аммо халқаро транспорт тизимида бундай имкониятлар яратилмаган. Ҳақиқат шуки, Буюк Ипак йўлини бирлаштирган шаҳарлар орасида Самарқандчалик қадим тарихга эга манзил йўқ. Афсуски, шунга мос инфратузилма яратишга аввалроқ эътибор қаратмадик, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз аэропортнинг бугунги ҳолати талаб даражасида эмаслигини қайд этиб, мутасаддиларга унинг сиғимини ошириш, камида 20 самолётга хизмат кўрсатадиган замонавий инфратузилма ташкил этиш ва бу ишларни бир ярим йиллик муддатдан кечиктирмай бажариш юзасидан топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара- мажмуасига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти қабрига гул қўйди. Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳаққига дуо қилинди.
Нуронийлар, уламолар билан суҳбатда Ислом Каримовнинг халқимиз, давлатимиз манфаати йўлидаги хизматлари, инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Оқдарё туманидаги “Pure milk Oqdaryo” фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди.
1 минг 360 гектар ер майдонига эга мазкур фермер хўжалиги 634 гектарда пахта, 50 гектарда ғалла, 366 гектарда озуқа ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини парваришламоқда. 400 нафардан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.
Хўжалик аъзолари жорий йил ғалладан 283 тонна ҳосил олиб, 135 миллион сўм фойда кўрди. Ғалладан бўшаган майдонларга чорва учун озуқа сифатида маккажўхори экилган. 2100 бошдан зиёд йирик шохли қорамол боқилаётган фермер хўжалиги учун бу айни муддаодир.
Ғўза майдонларини хориж технологияси асосида томчилатиб суғориш жорий этилган. Бу минерал ўғит ва сув сарфини камайтириш, агротехника ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда экин парвариши билан боғлиқ харажатларни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда бир туп ғўзада 3-4 дона кўсак, 7-10 дона гул, 10-12 дона шона мавжуд. Хўжалик аъзолари бу йил пахта ҳосилдорлигини 45 центнерга етказишни режалаштирган.
Президентимиз мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам асосий устувор мақсад халқимиз манфаати эканини қайд этиб, қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўшани экиш, бунинг учун уруғчилик ва нав танлашга алоҳида эътибор бериш, соҳага илмий ёндашиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятдаги фермер хўжаликлари ва кластерларда томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш, ҳосилдорлик паст майдонларда ғалла экишни қисқартириб, юқори даромад келтирадиган мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш учун минитехнологиялар етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берди.
Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни ўйлантиради. Аслида бу савол барча раҳбарларнинг тинчини бузиши керак. Тўғри фойдаланишни билсак, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳада кенг имкониятлар бор. Қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий қилиб, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлашни йўлга қўйиш лозим. Маҳсулот қайта ишланса ҳам даромад кўпаяди, ҳам янги иш ўринлари яратилади. Манфаатдорлик юқори бўлиши учун сарфланган харажатни қоплаб, фойда кўришни кўзлаб, меҳнат қилиш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилмоғи зарур. Ҳозирги замонда ким ютади – интилган ютади, меҳнат қилган ютади, деди давлатимиз раҳбари.
Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, туристлар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида туристик марказ қуриш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, марказ лойиҳаси билан танишди. Унда белгиланишича, мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиб, 80 гектарида анжуманлар саройи, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 3, 4 ва 5 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Шунингдек, сайилгоҳлар, сузиш жойлари, сунъий оролчалар, ресторанлар ташкил этилади.
Самарқандга келган сайёҳлар, маҳаллий аҳоли дам олиш учун қаерга боради? Ҳозирча айтарли, кўзга кўринган бундай жой йўқ. Шунинг учун чет эллик сайёҳлар асосан тарихий обидаларни кўриш ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш билан чекланмоқда. Ваҳоланки, Самарқандда туристлар дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун шароит яратишга имконият жуда катта. Ҳудудда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Бу маскан зиёрат туризми билан ҳамоҳанг бўлиши, халқимиз, чет эллик сайёҳлар бу ерга келиб мароқли ҳордиқ чиқариши учун ҳар томонлама қулай жойга айланиши керак. Турист Самарқандга бир-икки кунга эмас, бир неча кунга келсин, кетиш ҳақида ўйламасин. Бу Самарқанд иқтисодиёти учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йил 9-10 июль кунлари Самарқандда МДҲ Туризм кенгашининг навбатдаги мажлиси ва Ҳамдўстлик мамлакатларининг биринчи туристик ярмаркаси ўтказилди. Мазкур тадбирлар чоғида юртимизга, жумладан, Самарқандга чет эллик сайёҳларни жалб этиш бўйича хорижий фирма ва компаниялари билан 50 дан ортиқ шартнома имзоланди. Шунингдек, бу йил Самарқанд шаҳри Жаҳон сайёҳлик шаҳарлари федерациясига (WТCF) аъзо бўлди. Яқин йилларда Самарқанд шаҳрини туристик хабга айлантириш режалаштирилаяпти.
Бу саъй-ҳаракатлар туфайли келаси йилларда вилоятга сайёҳлар оқими кескин ошиши шубҳасиз. Хусусан, жорий йил 510 мингдан зиёд хорижлик меҳмон келиши кутилмоқда. Икки йилда бу кўрсаткични 2 миллионга, мамлакат бўйича эса 10 миллионга етказиш мўлжалланган.
Бунинг учун Самарқандда сайёҳликни ривожлантириш учун муносиб шароит зарур. Шу мақсадда 2019-2020 йилларда вилоятда туризм соҳасида қиймати 220 миллион доллар бўлган 164 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Айни пайтда бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизга вилоятда кўп қаватли уй-жойлар қуриш, ичимлик суви ва оқова тармоқларини модернизация қилиш, Самарқанд шаҳрини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлашни яхшилаш борасидаги ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари аввалги йилларда вилоятга ташрифи чоғида кўҳна шаҳар аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётгани ва уни қондириш учун Самарқанд марказида, қурилиш меъёрларига тўғри келса-келмаса, уй-жой қуравергандан кўра, теваракда замонавий бинолар барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Ана шу топшириқ асосида ўтган йили Самарқанд тумани Қорасув массивидан шаҳар учун 50 гектарга яқин ер ажратилиб, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бошланди. 2018 йилнинг ўзида “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 турар жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ҳудудга минглаб аҳоли кўчиб келишини ҳисобга олиб, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, умуман, аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун нимаики зарурат бўлса, барчасини шу ернинг ўзида яратишга эътибор қаратилди. Бугун ушбу маскан том маънода замонавий шаҳарча кўринишини олган.
Президентимиз жорий йил 11 январь куни вилоятга ташрифи чоғида янги массивда бўлиб, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишган, шаҳарчани янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, қўшимча равишда 16,4 гектар майдон ажратилди ва “Agromir bildings” корхонаси томонидан 2019 йилда 18, 2020 йилда 59 кўп қаватли уй қурилиши белгиланган. Ҳозир бу ерда хорижий давлатларнинг илғор қурилиш технологиялари асосида 12, 14 ва 16 қаватли уйлар барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, айни пайтда Ургут ва Тайлоқ туманларида ҳам ана шундай уйлар қурилишига киришилган.
Президентимиз янги уйларни адолатли тақсимлаш, қурилиш ишлари сифатига алоҳида аҳамият бериш, ичимлик суви ва оқова тармоқларини яхшилаш, Самарқанд шаҳрини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд туманидаги “Agromir” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, мева-сабзавотни қайта ишлаш жараёнини кўздан кечирди.
Юртимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари таъми, сифати ва фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун хорижда Ўзбекистонда пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб катта.
“Agromir” мева-сабзавотни қайта ишлаб, ички бозорни шарбат ва шира, концентратлар, паста, пюре ва консервалар билан тўлдириб, экспорт қилиб келмоқда.
Қарийб 450 киши доимий иш билан таъминланган корхона йилига 60 минг тонна шарбат ва нектар, 6 минг тоннага яқин концентрат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳозир бу ерда жами 42 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
2018 йилда корхонада умумий қиймати 160 миллиард сўмлик 53 минг тонна, жорий йилнинг биринчи ярмида 72 миллиард сўмлик 24 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўтган йили 2,1 миллион доллар, жорий йилда 5,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Айни пайтда корхонага қарашли хўжаликларда мева-сабзавотнинг истиқболли навларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликлари билан буюртма асосида ишланади.
Давлатимиз раҳбари корхона цехларида мевани қайта ишлаш жараёнини, тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Ишлаб чиқариш ва қадоқлаш цехларига Швейцария, Италия ва Германиянинг шарбат, пюре ва паста ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий технологиялари ўрнатилган. Бу корхона маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида етакчи ўрин эгаллашида қўл келмоқда.
Бугунги кунда “Agromir” маҳсулотлари таниқли брендлар остида Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Чет эллик истеъмолчиларга шарбат ҳолидаги тайёр маҳсулотлардан ташқари концентратлар ҳам етказиб бериляпти.
Танишув чоғида харидоргир, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ва савдо географиясини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Сизлар билан йил бошида учрашиб, вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, умуман, халқимиз ҳаётини, турмуш даражасини ошириш юзасидан улкан вазифаларни белгилаб олган эдик. Ўтган олти ой давомида бу вазифалар нечоғли бажарилгани барчамизга яхши маълум. Ижобий натижалар ҳам, ечимини кутаётган масалалар ҳам салмоқли. Бугун Самарқандга келиб, яна сизлар билан фикрлашиб олиш, белгилаган режаларимизни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишни шиддатли даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Замон шунчалик тез ривожланаяптики, яқин ва узоқ хорижий давлатлар, ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётини таҳлил этиб, ўзимизнинг йўлимизни танламасак, глобаллашув шароитида жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлмасак, олдимизга қўйган мақсадларни амалга ошириш қийин кечади. Шу нуқтаи назардан, Самарқандга бу галги сафаримиздан асосий мақсад вилоятда туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик ва қайта ишлашни кенгайтиришни жадаллаштиришга, янги режа ва вазифаларни белгилаб олишга қаратилган, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муайян натижаларга эришилаётган бўлса-да, Самарқанднинг иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда туризм соҳаси асосий йўналиш бўлиши кераклигини таъкидлади. Афсуски, ҳали бу борадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шу билан бирга, боғдорчилик, мева-сабзавот етиштиришда ҳам эришилаётган натижалар бошқа ҳудудлар билан солиштирганда оқсаётгани кўрсатиб ўтилди. Вилоятда айнан мана шу йўналишга ихтисослашган туманлар бор. Бу жойларда энди фақат маҳсулот етиштириб, уни хомашё ҳолида сотишдан кўра, қайта ишлаб, тайёр маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни кўпайтириш, замонавий мини-технологиялардан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу мақсадда мева-сабзавот етиштиришни ривожлантиришга 400 миллион доллар, туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини кенгайтириш борасида топшириқлар берди.
Туман ва шаҳарлар ўртасида ўзига хос рақобат муҳитини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Шу мақсадда тажриба тариқасида Каттақўрғон тумани ва шаҳри ҳамда Ургут тумани ўзаро мусобақалашишини таъкидлади. Бу Самарқанд тажрибаси сифатида кейинчалик мамлакат бўйлаб оммалаштирилиши қайд этилди.
Туманларда амалга оширилаётган лойиҳалар, ислоҳотларнинг бориши юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида инфратузилмани такомиллаштириш, саноатни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш борасидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Самарқандни «туристик хаб»га айлантириш зарурлигини таъкидлаб, Бош вазир ўринбосарлари ва вилоят ҳокимига шу масала юзасидан кўрсатмалар берди.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 23 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган тизим асосида ишлаб, муҳитни ўзгартириш, тадбиркорларга ҳамма шароитни яратиб бериш зарурлиги қайд этилди.
Барча саъй-ҳаракатларимиз, мақсад-муддаомиз халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган. Буни ҳар бир раҳбар юракдан ҳис қилиши ва зиммасидаги улкан масъулиятни чуқур ҳис этиб, меҳнат қилиши лозим. Шуни унутмайликки, кечаги услуб, қотиб қолган қарашлар билан олдимизга қўйган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бугунги давр барчамиздан янгича фикрлашни, замон шиддатига мос суръатда ишлашни тақозо этаяпти, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ҳокимлар ва секторлар раҳбарларига ҳар бир туман иқтисодиётини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунига етди.

 

ЎзА