Ўзбекистон Президентининг Қозоғистоннинг Биринчи Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида​

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни президентлик ваколатларини топшириш ҳақида эълон қилган Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев бир-бирларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланаётгани, кўп қиррали сермаҳсул ҳамкорлик кенгайиб бораётганини алоҳида мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзбекистон Президенти узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларида мустаҳкам пойдевор яратилишида қардош Қозоғистон Биринчи Президентининг шахсан қўшган ҳиссасини юксак баҳолади ва чуқур миннатдорлик билан қайд этди.

Мулоқотда Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида замонавий бозор иқтисодиётига асосланган давлат барпо этилгани таъкидланди. Тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик таъминланди, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланди. Бугун Қозоғистон дунёнинг ривожланган 50 давлати қаторига киради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва Қозоғистон халқига хизмат қилиш йўлида муваффақиятлар тилади.

Давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилди.

 

ЎзА