Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифига доир​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20-22 январь кунлари расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлади. 
Германия пойтахти Берлин шаҳрида Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказилади.
Кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалалар ўрин олган.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.​

 

ЎзА