«Мустақиллик тўйи» фестивали халқимиз қалбидан чуқур жой олган тадбирлардан бирига айланди

48

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш бутун юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Олис овуллардан тортиб, туман, шаҳар марказларигача байрам нафаси кириб келиб, халқимизга кўтаринки кайфият улашмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг давоми сифатида бугун Нукус шаҳрида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак қурамиз!» шиори остида ўтказилаётган «Мустақиллик тўйи» фестивали бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни фестиваль ўтказилиши муносабати билан табриклади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.

Таъкидланганидек, бутун мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказилаётган «Мустақиллик тўйи» фестивали халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштирадиган чинакам маданий-маърифий байрамга айланди.

Фестиваль доирасида мамлакатимизга таниқли санъат ва маданият ходимлари иштирокида шаҳар ва туманларимизда, энг чекка маҳаллаларда ҳам турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Албатта, бундай тадбирлар мустақиллигимизнинг 35 йиллигини кенг нишонлаётган халқимизга янада кўтаринки руҳ бағишлайди.

Тадбир давомида хушовоз хонандалар ижросидаги концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Манба: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ахборот хизмати