Газ тармоқларини реконструкция қилиш давом этмоқда

Республикамизда газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, эскирган газ тармоқларини янгисига алмаштириш, ортиқча техник газ йўқотишларининг олдини олиш йўналишида кенг кўламли ишлар қўлга олинган.
– Бугунги кунда Хўжайли туманида 25 мингдан ортиқ хонадон табиий газдан фойдаланиб келмоқда, – дейди Хўжайли тумани газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси Парахат Юсупов. – Истеъмолчиларга туман газ таъминоти балансидаги узунлиги 960 километрлик газ тармоқлари орқали табиий газ етказиб берилмоқда.
Айни пайтда қиш ойларида газ босими билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, истеъмолчиларга узлуксиз ва хавфсиз табиий газ етказиб бериш мақсадида 17 мингдан ортиқ истеъмолчини табиий газ билан таъминловчи «Хўжайли» газ тақсимлаш станциясидан «Водник» посёлкасигача бўлган масофадаги 17 километрлик газ тармоғининг 10 километрлик қисмини алмаштириш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан янги диаметри 273 ва 219 миллиметрлик газ тармоқлари келтирила бошланди.

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминотига қарашли Қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан ҳозирги вақтда қурилиш реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Ушбу ишлар тўлиқ якунлангандан сўнг табиий газ билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиб, истеъмолчиларга куз-қиш ойларида узлуксиз табиий газ етказиб берилиши кўзда тутилган.
А.Жийемуратов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги