Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида А Х Б О Р О Т

8 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн саккизинчи ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун муҳокамасидан бошланди.
Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, мазкур Конституциявий қонун Сенатнинг 17-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган эди. Сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда қонунни қайта ишлаб чиқди.
Конституциявий қонун билан республикамиз IT-парк ҳудудида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритувчи «Энтерприсе Узбекистан» рақамли технологиялар халқаро марказининг ҳуқуқий пойдевори яратиб берилади.
Конституциявий қонунга мувофиқ Марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига бевосита тааллуқли бошқа масалалар қабул қилинган фармонлари ва қарорларига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мослашувчан солиқ ва божхона режими, айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмларини, яъни рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини жорий этиш кўзда тутилган.
Марказ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2030 йилга қадар юртимизда рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, иқтисодиётимизда юқори даромад келтирувчи 300 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ва кўплаб иқтидорли ёшларнинг ватанимизда дунё миқёсидаги маошлар билан таъминланишига мустаҳкам замин яратилади.
Қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар даражасида кафолатланишига, бунинг натижасида эса Apple, Google, Microsoft, Amazon каби дунёнинг энг йирик трансмиллий IT-гигантларини тўғридан-тўғри юртимизга кириб келишига ҳуқуқий асос яратади.
Сенаторларнинг фикрича, Конституциявий қонун IT соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ошишига, рақамли секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсишига, рақамли технологиялар соҳасида янги иш ўринлари яратилишига, IT хизматлари экспорт ҳажмининг ошишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда экстремизмнинг шакл ва кўринишлари тобора ўзгариб, унинг хавфи нафақат диний, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан экстремизмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилмоқда. Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда, такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши қайд этилмоқда.
Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилиб, экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда. Шунингдек, экстремизмга оид жиноятлар аниқ доирасини белгилаш, экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритиш, хавф-хатарларни мониторинг қилиш ҳамда баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, қонунчиликдаги “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” атамаси билан алмаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашув таъминланмоқда.
Қонун билан экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, Интернет тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситаларида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қўшимча механизмлар ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, экстремистик ташкилотларни эътироф этиш тартиби ҳамда экстремизмга оид жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни мустаҳкамлаш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш ва мамлакатимизда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда бизнес юритиш учун янада қулай ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш билан боғлиқ масалаларни суд орқали ҳал этиш амалиёти тадбиркорлар учун ортиқча вақт ва маблағ сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Қонун билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, солиқ тўловчи солиқ органининг қарорига эътироз билдирмаган тақдирда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органининг қарори асосида амалга оширилиши, эътироз билдирилган ҳолларда эса мазкур масала суд томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, солиқ органининг судга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилиб, мурожаатга қонун бузилганлигини, солиқ тўловчига хабарнома юборилганлигини ҳамда унинг эътирозини тасдиқловчи далилларни илова қилиш талаби белгиланмоқда.
Қонун билан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилган ёки суд томонидан банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш рад этилган тақдирда, ушбу чекловларни тезкор бекор қилиш механизми ҳам мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар юкламасини камайтириш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлиси давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Республикамизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қўшимча кафолатларни, шунингдек, давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ва механизмларининг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш зарурати ҳам юзага келмоқда.
Қонун билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга тадбиркорларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши кафолатларини белгилашга оид янги норма киритилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилиниши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, яшил технологиялар, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий тадбиркорлик ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун субсидиялар бериш, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик ҳамда инновацион лойиҳаларни давлат грантлари асосида молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини янада кенгайтириш ҳамда тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва рақамлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини, уларга одил судловдан фойдаланиш учун қулай имкониятлар яратилишини ва ушбу шахсларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда солиқ имтиёзлари берилишини, уларни ишга қабул қилган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нисбатан солиқ имтиёзлари ва давлат божи бўйича чегирмалар қўлланилиши, Ижтимоий реестр жорий этилганлиги сабабли унинг номи ўзаро мувофиқлаштирилиши, ваколатли давлат органи фуқаролик ишлари бўйича судларга киритилган ортиқча (ноқонуний) тўланган нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.
Сенаторлар қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштиришга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг ва қулай шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунда “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими янги ҳуқуқий институт сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу институтни қонунчиликка киритиш орқали келгусида айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензия ёки рухсатномасиз шуғулланиш имконияти яратилади.
Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари лицензия ёки рухсатнома олмасдан туриб, электрон тарзда ваколатли органни хабардор қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлади. Бунда уларга лицензия ёки рухсатнома талабларига мослашиш учун қўшимча вақт ва ўз фаолиятини синов тарзида бошлаб, унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш имконияти берилади. Ушбу ўзгариш тадбиркорлик фаолиятини бошлашни енгиллаштиради, вақт ва харажатларни тежайди ҳамда янги бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
Амалда боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми ҳам фамилия қилиб берилиши мумкин.
Сенаторлар отанинг исмини болага фамилия сифатида берилишининг қонунчиликда белгиланиши фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиб, миллий ва диний анъаналарга мувофиқ уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги қонунга архив иши соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини аниқлаштирувчи, нодавлат архивларини ва электрон архивларни ташкил этишга доир қоидаларни ҳамда архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатларини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қизғин муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг нуфузини ошириш, шунингдек, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шу жумладан, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) таъсир чоралари жумласига кирувчи ҳужжатларнинг кўриб чиқилишида мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада ошириш, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан унда назарда тутилган нормаларнинг амалиётга тўлақонли татбиқ этилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) парламент билан боғлиқ фаолиятини тартибга солишга, унинг вояга етмаганлар жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш, суд ҳамда жиноий жазоларни ижро этиш жараёнларидаги ролини оширишга доир ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, ушбу қонун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда республикамизда миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини энг юқори даражада таъминлаш, шунингдек, иқтисодиёт соҳаларининг ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкил этилиши расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш жараёнида статистика органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан статистика кенгашининг ваколатлари кенгайиб, статистика ишларини ташкил этиш тизимини яратишга кўмаклашиш ҳамда расмий статистикани тайёрловчиларнинг соҳага оид фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика маълумотларига ёки статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ваколатли давлат органи билан келишилиши шартлиги берилмоқда.
Шунингдек, эълон қилинган расмий статистикада тафовутлар аниқланганда уни тузатилиши ва тузатилган маълумотлар жамоатчиликка эълон қилиниши ҳам қонун билан белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коммунал хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, коммунал хўжалиги соҳаси мустақил тармоқ сифатида жадал ривожланаётганига қарамай, ушбу соҳада кўп йиллик самарали меҳнат қилиб келаётган ходимларни давлат даражасида рағбатлантириш тизимини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш зарурати юзага келгани қайд этилди.
Қонун билан амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони ўрнига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвон таъсис этилмоқда.
Қонунга мувофиқ мазкур фахрий унвон коммунал хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик самарали меҳнати, юксак касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидокорлиги билан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга алоҳида ҳисса қўшган ходимларга берилади.
Шунингдек, қонун билан янги фахрий унвон кўкрак нишонининг тавсифи ҳам тасдиқланмоқда. Унда коммунал хўжалиги соҳасининг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи рамзлар акс эттирилган бўлиб, бу давлат мукофотининг мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилади.
Сенаторларнинг таъкидлаганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши коммунал хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда уларнинг касбий нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида “1993 йил 24 сентябрдаги Қочоқлар ва кўчишга мажбур бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги Баённомани тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Битим собиқ Иттифоқ парчаланиши ортидан юзага келган қуролли можаролар, миллатлараро низолар ҳамда оммавий миграция жараёнлари шароитида қочоқлар ва мажбурий кўчирилган шахсларга ёрдам кўрсатиш соҳасида иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.
Бугунги кунда мазкур Битим қабул қилинишига асос бўлган ижтимоий-сиёсий шароитлар тубдан ўзгарган. Шу билан бирга, Битимда назарда тутилган қатор институтлар ва давлатлараро ҳамкорлик механизмлари, жумладан, Давлатлараро жамғарма ҳамда бошқа амалий механизмлар шакллантирилмаган ва амалда қўлланилмаган. Шу сабабли мазкур халқаро ҳужжат ўзининг ҳуқуқий ва амалий аҳамиятини йўқотган.
Муҳокама давомида Битимнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги Баённоманинг тасдиқланиши мамлакатимиз халқаро шартномавий сиёсатини замонавий ҳуқуқий муносабатлар ва миллий манфаатлар асосида изчил такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши амалий аҳамиятини йўқотган халқаро шартномани ҳуқуқий муомаладан чиқариш, мамлакатимиз халқаро шартномавий-ҳуқуқий базасини тизимлаштириш, уни замонавий халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий манфаатларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Битимни (2020 йил 18 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Битим Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари ўртасида шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.
Ушбу Битимнинг асосий мақсади мамлакатлар ўртасида шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизими ва аниқ ҳуқуқий механизмларини яратишдан иборатдир.
Ҳужжатга мувофиқ мамлакатлар фуқаролик, миграция рўйхати, яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, визалар, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилганлик тўғрисидаги маълумотларни ўзаро алмашиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Битимда инсон ҳуқуқлари ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги кафолатлари қатъий белгиланган.
Ушбу халқаро ҳужжатнинг ратификация қилиниши МДҲ давлатлари билан маъмурий муносабатларда ахборот алмашинуви соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани кенгайтиришга ҳамда шахсга доир маълумотлар алмашинуви ва маъмурий соҳадаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг медиация натижасида эришилган халқаро келишув битимлари тўғрисидаги Конвенциясига (Нью-Йорк, 2018 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур Конвенция халқаро амалиётда “Сингапур конвенцияси” номи билан танилган бўлиб, унинг асосий мақсади – медиация натижасида эришилган халқаро тижорат келишув битимларини тан олиш ва ижро этишнинг ягона халқаро ҳуқуқий механизмларини белгилашдан иборат.
Конвенция халқаро тижорат низоларини суддан ташқари, тезкор ва самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда медиация натижасида тузилган келишувларнинг бошқа давлатларда ижро этилиши учун ишончли ҳуқуқий асос яратади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг мазкур Конвенцияга қўшилиши хорижий инвесторлар ва тадбиркорларнинг мамлакатимиз ҳуқуқий тизимига бўлган ишончини ошириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, экспорт қилувчи миллий корхоналар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун халқаро бозорлардаги ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Конвенция медиация институтини ривожлантириш, судлар юкламасини камайтириш, низоларни ҳал этишда вақт ва харажатларни тежаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий интеграция жараёнларидаги иштирокини мустаҳкамлаш имконини беради.
Конвенцияга қўшилишда Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари инобатга олиниб, уни қўллаш доираси бўйича қўшимча шартлар назарда тутилмоқда. Унга кўра, Конвенция давлат ёки давлат органлари иштирок этадиган келишувларга нисбатан татбиқ этилмайди ҳамда фақат тарафларнинг ўзаро келишуви асосида қўлланилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
2025 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида муайян натижаларга эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида республика бўйлаб соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, банк ва кадастр соҳаларида коррупция ва бюрократиянинг келиб чиқиш сабаблари жойида ўрганилди.
Ўрганишлар натижалари асосида ҳудудлар ва вазирликларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, коррупция хавфи юқори бўлган туман ва шаҳарлар учун манзилли “йўл хариталари” тасдиқланди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, давлат хизматларини рақамлаштириш кўлами кенгайтирилди, давлат харидлари соҳасида қонунбузилишларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари мустақил шаклда қайта ташкил этилди.
Шу билан бирга, муҳокама давомида соҳада сақланиб қолаётган тизимли муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, 2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган, давлат харидлари соҳасида 12,6 триллион сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган, айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.
Сенаторлар коррупцияга қарши курашишда эришилган натижалар билан бир қаторда, профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш, давлат харидлари соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ички назорат (комплаенс) тизими фаолиятини кучайтириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда коррупция оқибатида давлатга етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга, Сенатнинг ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш, унинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, юқори технологияли саноат ва замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида Сенат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Самарқанд шаҳри вилоятда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шаҳар чегараларининг кенгайиши аҳоли зичлигини камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш, тирбандликларни олдини олиш ва замонавий шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Самарқанд шаҳри таркибига 17 226,5 гектар ер майдони қўшилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд туманини тугатиш ва 28 295 гектар ер майдонини Тойлоқ туманига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида кўрилаётган масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шаҳар аҳолиси сони 880 мингга етиб, “аҳолиси бир миллион бўлган шаҳар” мақомига яқинлашиши, янги ер майдонларида кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилиши, хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши қайд этилди.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларини сақлаб қолиш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Ўтказилаётган
6 263 гектар ер майдонининг тоифалари ўзгартирилмасдан сақланмоқда.
Мазкур масала тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида кенг муҳокама қилиниб, маъқулланган.
Сенаторлар вилоят чегараларининг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш, туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун имконият яратиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш, шунингдек, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 21 та масала, шу жумладан, 18 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати