Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

Сўнгги вақтларда давлатимиз томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини бунинг ёрқин мисоли сифатида қайд этиш мумкин.
Ушбу Фармон билан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш тизими бирмунча такомиллаштирилди. Чунки, келгусида бажарилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар, уларнинг ижрочилари аниқ кўрсатиб ўтилди.
Бундан буён, профилактика ишлари маҳалла даражасида тизимли ташкил этилади, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам хизматлари кенгайтирилади, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат органлари, ташкилотлар ва маҳалланинг ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Маҳалла, ички ишлар органлари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари, Олий таълим муассасалари, шунингдек, жамоат ташкилотлари биргаликда зўравонликнинг келиб чиқиш илдизини чуқур ўрганиб, ушбу иллатнинг барвақт олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.
Бу борада яна бир муҳим ҳужжат, 2026 йил 1 июлда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун билан «бола манфаатлари» атамаси «боланинг энг устувор манфаатлари» деб белгиланди. Шунинг учун ҳам келгусида болага таъсир қиладиган ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини эркин ифода этишга, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнларида сўзлашга ҳақли бўлади.
Қабул қилинган мазкур қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда, хусусан, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар бериш, суд мажлисларида ўз вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қонун ва фармон жабрланган хотин-қизлар ва болаларни ишончли ижтимоий ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Иброҳим АЛЛАНИЁЗОВ.
Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани судининг тергов судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги