Тадбиркор аёлларнинг меҳнатлари юзага чиқмоқда

37

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жойларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратаётган, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркор хотин-қизлар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Ана шундай фаол ва ташаббускор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Амударё туман Кенгаши ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ташкил этилди.

Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, партия фаоллари, тадбиркор хотин-қизлар, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда  сўзга чиққанлар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, имтиёзли молиявий кўмаклардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди.

Танлов давомида тадбиркор хотин-қизлар ўзларининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги фаолияти, маҳаллий хомашё асосида тайёрланаётган маҳсулотлари, инновацион бизнес ғоялари ҳамда келгусидаги режаларини тақдим этдилар. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни маҳсулот сифати, тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, яратилган иш ўринлари ва бизнес лойиҳаларининг истиқболлилиги каби мезонлар асосида баҳолади.

Танлов якунларига кўра, Гулзор маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Раъно Нурматова ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги самарали фаолияти билан танлов ғолиблари сафидан ўрин олди. У томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар аҳолининг сифатли ва қулай озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, маҳаллада янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилмоқда.

Холимбег овулида фаолият юритаётган тадбиркор Юлдуз Исмоилова эса миллий ҳунармандчилик анъаналарини замонавий тадбиркорлик билан уйғунлаштириб, кўрпа ва кўрпачалар ишлаб чиқариш йўналишида фаол меҳнат қилиб келмоқда. Унинг фаолияти миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Шунингдек, Боғ маҳалласи вакили Малика Худайбергенова, Дурунки маҳалласи вакили Дилором Бердибоева, Янгиобод маҳалласи вакили Барно Муродова ҳамда Бўстон маҳалласи вакили Назокат Сафарованинг ҳам бизнес лойиҳалари ва тадбиркорлик фаолияти ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб эътироф этилди.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидланганидек, бугун Амударё туманида тадбиркор хотин-қизлар сафининг изчил кенгайиб бораётгани, уларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик соҳаларидаги фаол иштироки аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш ва оилалар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танлови эса ана шундай ташаббускор аёлларни кашф этиш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш ва янги бизнес ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида аҳамият касб этмоқда.

                                                                     Қорақалпоғистон ахборот  агентлиги