Уй-жойига зарар етган оилалар қайси турдаги давлат ёрдамини олиши мумкин?

Табиий офатлар ёки техноген ҳодисалар бир лаҳзада инсоннинг йиллар давомида барпо этган уй-жойига жиддий зарар етказиши мумкин.
Бундай вазиятларда давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам оилаларнинг уй-жойини тиклаш, турмушини қайта йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Амалдаги тартибга кўра, белгиланган мезонларга жавоб берадиган фуқароларга уй-жойни таъмирлаш учун 61 миллион 800 минг сўмгача ижтимоий ёрдам ажратилиши мумкин.
Ижтимоий ёрдам ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа табиий ёки техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган уй-жойларни тиклаш учун берилади.
Хўш, қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Бу борада ёнғин ҳолатида Давлат хизматлари маркази томонидан берилган маълумотнома, сув тошқини, зилзила ва бошқа табиий офатларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги тегишли қарори асосида тузилган ишчи гуруҳнинг зарарни аниқлаш ва баҳолаш далолатномаси каби ҳужжатларни тегишли тартибда топшириш лозим.
Ижтимоий ёрдам олиш учун оила “Ижтимоий реестр”га киритилган бўлиши, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмаслиги керак. Ҳозирги кунда минимал истеъмол харажатлари бир киши учун ойига 715 минг сўмни ташкил этади. Демак, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ойлик даромад 1 миллион 430 минг сўмдан ошмаслиги муҳим.
Ёрдам тури тариқасида Ижтимоий ёрдам базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 150 бараваригача, яъни 61 миллион 800 минг сўмгача берилиши мумкин. Зарурат туғилганда ушбу ёрдам бир неча марта ҳам ажратилади.
Таъмирлаш учун маблағ туман (шаҳар) ҳокимликлари шакллантирган рўйхат асосида тегишли жамғармага ўтказилади, таъмирлаш ишлари маҳаллий ободонлаштириш бошқармаси ёки “Маҳалла сервис компанияси” томонидан бажарилади, фуқаро уйини ўзи таъмирлашни истаса, унга ижтимоий ёрдамнинг 85 фоизигача қийматда қурилиш материаллари харид қилиш учун ваучер берилади. Бу ваучер орқали қурилиш материаллари электрон савдо платформасида харид қилинади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА