Ўзбекистон аҳолиси кунига 5 000 литрга яқин сув ишлатяпти…ми?

45

Бугунги кунда Ер сайёраси, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги муаммоси долзарблашиб бормоқда. Орол денгизи қуриб кетгани, сув ресурслари камайиб бораётгани одамларни хавотирга солмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, Марказий Осиё сув танқислиги бўйича энг кўп жабр кўраётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, 2040 йилга бориб Марказий Осиёда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробарга ортиши, айни пайтда эса сув захиралари 25-30 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда.

Кўпчилик инсонлар юқорида санаб ўтган ўзгаришларга давлатни, бошқаларни айбдор деб билади. Лекин ўзларининг ҳар кунлик турмуш тарзларига эътибор ҳам беришмайди. Чунки бу ишлар улар учун одатий ҳолга айланиб улгурганда!

Мисол учун, ўсимликларни суғоришда ҳамда уй хўжалигида жуда ҳам кўп сув ишлатилар экан. Ҳар бир инсон тиш юваётганда жўмракни ёпиб қўйиш орқали йилига  8 000 литргача тоза сувни тежаб қолиши мумкин, деган статистик маълумотлар бор.

“Worldometer” интернет хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бир кунда ҳар бир кишига тўғри келадиган сув миқдори тахминан  4 минг 778 литрга тенг бўлиб, Ўзбекистон жон бошига сув истеъмоли рейтинги бўйича юқори ўриндан жой олган. Таққослаш учун сув истеъмолининг энг паст кўрсаткичи Конго Демократик Республикасида қайд этилган бўлиб, у ердаги ҳар бир киши кунига атиги 32 литр сув сарфлайди. Агар шу миқдордаги тоза сувни топа олса!

Ушбу статистик рақамлардан кўриниб турибдики, юртимизда жуда кўп миқдордаги сув исроф қилинмоқда, бугун баъзи бир инсонлар сувнинг қадрига етмайди. Дунёнинг қайсидир бурчагидаги инсонлар, ҳаттоки ўзимизнинг юртимиздаги айрим чекка қишлоқ ҳудудларига сув етишмаётган бир пайтда ўзимизга ҳам шу саволни бир бериб кўрайликчи, биз сувдан тўғри фойдаланяпмизми? Фақатгина бу саволга виждонан жавоб бериш орқали биз вазиятни бироз бўлса ҳам яхшилашимиз мумкин бўлади.

Ушбу муаммо юртимизда ўтган асрдан бошланган. Ҳозир унинг сабабини ахтаришимиз ёки кимнидир айблашимиз бефойда. Айни пайтдаги вазиятда мавжуд сув захираларини асраб-авайлаб ишлатишимиз, сув танқислигини юмшатиш чораларини кўришимиз керак. Унинг ечими эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, ҳар бир инсон сувни тежашни ўзидан бошлаши керак. Ҳовлисидаги, маҳалласидаги дарахт ва экинзорларни суғоришда тоза ичимлик сувидан эмас, ариқ сувидан ёки ёмғир сувларини тўплаган ҳолда суғориш тизимларини йўлга қўйса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда ҳар бир инсоннинг экологик маданияти ҳал қилувчи ўрин тутади.

Солиҳа Абдуғафурова,

Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси