Тадбиркордан газ учун асоссиз ундирилган тўловнинг қайтарилиши таъминланди

Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан Тўрткўл туманидаги «Burgutqal’a Saodati» фермер хўжалигининг мурожаати бўйича ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида газ сарфини ҳисоблашда газ тақсимлаш станциясида (ГТС) ўрнатилган асосий ҳисоблагич ўрнига шохобчадаги иккинчи ҳисоблагичнинг юқорироқ кўрсаткичлари асос қилиб олингани аниқланди. Натижада, газ ҳажми сунъий равишда ошириб ҳисобланган ва газ узатиш ташкилотининг ҳисоблагичи билан ҳисобланган ҳажм ўртасида 42149 куб метр фарқ пайдо бўлган.
– Қўмита мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида иккинчи ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари асос қилиб олиниши қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги, ҳисоблагичлар ўртасидаги фарққа газ таъминоти ташкилоти томонидан етарли техник ёки метрологик асослар тақдим этилмаганлиги ва бу ҳолат натижасида тадбиркордан қарийб 96 миллион сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ортиқча ундирилгани аниқланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасининг бош мутахассиси Қурбонбой Сейтмуратов. – Юқоридагиларга кўра, Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва фермер хўжалигидан ортиқча ҳисобланган маблағни ихтиёрий равишда қайта ҳисоб-китоб қилиб қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан ушбу қарздорлик корпоратив ҳисоб-китоб тизими орқали қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 96 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Burgutqal’a Saodati» фермер хўжалиги фойдасига ҳал этилиши таъминланди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги