Чорвачиликда наслдорликни таъминлаш муҳим жараён

34

Юртимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, жумладан, соҳада наслдорлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш, селекция-наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, соҳада замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни кенг жорий этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда соҳага тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжатларнинг амалдаги ижроси юзасидан Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Ф.Нурмуҳаммадов бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Хитой давлатига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Хитойнинг “Hualing Yecheng Agriculture and Animal Husbandry Development Co., Ltd.” МЧЖ ва «Ўрта қала чорва моллари» МЧЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келишувга кўра уч йил давомида Қорақалпоғистонга 50 минг бош наслли қорамол олиб келиниши белгиланган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 200 бош наслли қорамол олиб келиниб, уларни парваришлаш ва кўпайтириш ишлари йўлга қўйилди.

Бу каби халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳудудларда чорвачиликни барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги