Коммунал хизматлар сифати – аҳоли фаровонлиги ва розилигининг муҳим омили

35

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Раиси Тўрткўл туманида бўлиб, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолатини ўрганди.

Юртимизда одамларнинг кундалик ҳаёти, фаровонлиги, саломатлиги ва кайфиятига бевосита дахлдор бу масалаларга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, “Ғалаба” маҳалласидаги трансформатор пункти фаолияти кўздан кечирилиб, электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш ва узлуксиз узатишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси “Уллубоғ” ОФЙдаги газ тақсимлаш қурилмаларининг ишлаш ҳолати ва энергия тежамкорлигини кўздан кечирди. “Ибн Сино” маҳалласининг Тўрткўл кўчасида олиб борилаётган газ тармоғини реконструкция қилиш жараёни билан яқиндан танишди.

Манзилли ўрганишлар давомида газ қувурларини тартибга келтириш, бўёқлаш ва газ сизиб чиқишининг олдини олиш орқали хавфсизликни таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар белгиланди. Бу жабҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумида иссиқ бўлишини таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.

Бундан кейин Жўқорғи Кенгес Раиси нуронийлар ва маҳалла фаоллари билан учрашиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан мулоқот қилди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги