Ишонч ва интеграция: Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларида янги тарихий босқич

69

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 30 июль – 1 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Норасмий Маслаҳат учрашуви доирасида 1 август куни Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Президентлари Иссиқкўлда сув-мотор спорти бўйича Қирғизистон Гран-присининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар.

Етакчилар мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларини қутладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга спортчиларнинг саралаш пойгасини кузатди.

photo_5435880948680562640_w

Гран-при Халқаро сув-мотор спорти иттифоқи шафелигида ўтказилаётган “сувдаги Формула-1” номи билан машҳур бўлган F1H2O жаҳон чемпионатининг иккинчи босқичи ҳисобланади. Мусобақаларда ҳар йили турли мамлакатлардан профессионал жамоа ва спортчилар иштирок этади. Жаҳон чемпионати босқичи Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда.

photo_5435880948680562630_w

Дастурдан машғулотлар, саралаш босқичи ҳамда соатига 220 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланувчи тезюрар қайиқлардаги асосий пойга ўрин олган.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг биринчи куни Чўлпонота шаҳрида қирғизистонлик ҳамкасби билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Учрашувларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув-энергетика ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликни энг юқори даражага олиб чиқадиган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг муҳим натижаси бўлди. Давлатлараро кенгаш тузиш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, давлат чегараси, ижтимоий ҳимоя ва пенсия таъминоти, олий таълим, фуқароларнинг келиб-кетиши, маданият, туризм ҳамда агросаноат мажмуаси соҳаларига оид салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш ҳамда Қамбарота-1 ГЭСни барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти – I даражали “Манас” ордени билан тақдирлангани чуқур рамзий маънога эга. Бу мукофот шунчаки дипломатик протокол эмас. Бу, икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини тиклаган, муносабатларни стратегик ва иттифоқчилик даражасига кўтарган шахсий сиёсий ирода ва фидойиликка берилган юксак баҳодир.

Президентимиз ўз нутқида алоҳида таъкидлаб ўтганидек, бугунги муваффақиятлар бу ҳар икки давлат раҳбарларининг муштарак интилишлари ҳамда халқларимизнинг асрий орзу-умидларининг рўёбга чиқишидир.

Умуман олганда, ҳозирги Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари бошқа давлатлар учун ҳам ҳақиқий қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунаси бўла олади. Сабаби, ишонч, ҳурмат ва очиқликка асосланган сиёсат ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир.

Президентимиз ташрифнинг иккинчи куни Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида  иштирок этди. Ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, савдо ва транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, рақамли хизматларни кенгайтириш, таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга биргаликда қарши курашиш ҳамда гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларини қамраб олувчи минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Ташриф доирасида давлат раҳбарлари Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги гольф клуби, янги беш юлдузли “Боку” меҳмонхонаси ҳамда Иссиқкўлда сув-мотор спорти бўйича чемпионатнинг очилиш маросимларида иштирок этдилар.

photo_2026-07-31_17-01-20photo_2026-07-31_17-01-25photo_2026-07-31_17-01-27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари норасмий Маслаҳат учрашувининг тадбирларга бой дастури якунланди. “Иссиқкўл” аэропортида мамлакатимиз етакчиси ва рафиқасини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва рафиқаси кузатиб қўйдилар.

ЎзА