Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида янги давр: иттифоқчилик шартномаси имзоланди

71

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди.

Чўлпонота шаҳридаги “Иссиқкўл” халқаро аэропортида уларни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси кутиб олди.

Олий мартабали меҳмонлар шарафига икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.

Шундан сўнг Чўлпонота шаҳридаги Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирларига таништирдилар.

“Руҳ Ордо” маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Қирғизистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард долларга етди. 450 та қўшма корхона ташкил этилди, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Тараққиёт фонди самарали фаолият юритмоқда.

Шаҳарлар ўртасида 15 та авиақатнов, 5 та автобус йўналиши  йўлга қўйилган.

Бу галги ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес-форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик, идора ва ҳудудлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.

Устувор йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда энергетика, геология, муҳим минераллар, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида янги савдо шартномалари ва инвестиция келишувларининг тўплами қабул қилинди.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича битимни имкон қадар тезроқ имзолаб, уни амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашилди.

Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур темир йўл бўйлаб чегараолди ва савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштириш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.

Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш нуқталари экани таъкидланди.

Бу борада жорий йил якунига қадар барча вилоятлар иштирокида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши ҳамда уларнинг ўзаро ташрифлари жадвали тасдиқланиши белгилаб олинди.

Маданият, ёшлар, туризм, таълим, илм-фан ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.

Музокаралар давомида Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартиби бўйича аниқ таклифларни ўзи ичига олган ахборотлари тингланди.

Якунда Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Шу жумладан:

– Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегарасининг участкалари тўғрисида шартнома;

– “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим;

– Давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисида битим;

– Олий таълим соҳасидаги кредитларни ўзаро тан олиш тўғрисида битим;

– Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида баённома;

– Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга баённома;

– Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-рекреация хўжалиги объектлари тўғрисидаги битимга баённома;

– 2026-2027 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги тадбирлар режаси;

– 2026-2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги қўшма ҳаракатлар режаси;

– Қирғиз Республикаси Иссиқкўл вилояти Тон туманида жойлашган “Бўстон” пансионати тўғрисида шартнома;

– 2026-2027 йилларга мўлжалланган агросаноат мажмуаси соҳасидаги амалий чора-тадбирлар режаси.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қирғиз Республикасининг юксак мукофотини давлатимиз раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.

Ўзбекистон етакчиси қардош Қирғизистон Президенти ва халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларини янги тарихий босқич – иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган муштарак интилишларнинг юксак эътирофи сифатида қабул қилишини таъкидлади.

1996 йилда таъсис этилган “Манас” ордени Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. Республика ва хориж фуқароларига давлатчилик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Мамлакатимиз етакчиси Қирғизистонга бу галги давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон – Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигида янги саҳифани очганини таъкидлади.

Ушбу саммитга биргаликда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилгани қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида турли тадбирлар ўтмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз қардош Қирғизистонни 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Бу мамлакат ва бутун Марказий Осиёнинг нуфузи юксалаётганининг эътирофидир.

Бугунги музокаралар ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий соҳадаги аниқ режаларни ўз ичига олган ахборотларини тингладилар.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг энг муҳим натижаси бўлди.

Ушбу ҳужжат икки томонлама шерикликни давлатлараро алоқаларнинг энг юқори даражасига олиб чиқади.

– Энди бизнинг асосий вазифамиз – ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитиш, – деди давлатимиз раҳбари.

Икки давлат Президентлари раислигида Давлатлараро кенгашни тузиш бўйича келишувга эришилди. Бу иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашнинг асосий механизми бўлади.

Шу билан бирга, томонлар бундан буён ҳам сиёсий мулоқотни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро майдонларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва позицияларни яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр эканлигини тасдиқладилар.

Янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилди. Жадал ўсиш суръатлари сақланиб қолаётганини инобатга олиб, ушбу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Етакчилар саноат кооперациясининг янги ўсиш нуқталарини, энг аввало, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи соҳаларда яратишга алоҳида тўхталдилар.

Бу борада куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги лойиҳалар келишилди. Шунингдек, хомашё ресурсларини биргаликда қазиб олиш бўйича аниқ режалар белгиланди.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Тараққиёт фонди салоҳиятидан самарали фойдаланилади.

Икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиги ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш ишлари жадал давом этаётгани қайд этилди.

Мазкур темир йўли бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, савдо ва транспорт жараёнларига рақамли ечимларни фаол жорий этиш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди. Қамбарота ГЭС-1ни қуриш тўғрисидаги битимни имзолаш жараёни тезлаштирилади.

Икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятидан фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Йил якунига қадар Ўзбекистонда янги форматдаги биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилади.

Маданият, таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди.

Етакчилар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда эришилган келишувлар қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Чўлпонота шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари билан биргаликда Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги гольф клубининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Етакчилар бу ерда барпо этилган замонавий спорт ва туризм инфратузилмаси билан танишдилар. Янги мажмуа гольфни оммалаштириш, спорт туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари қардош Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва халқини янги объектнинг очилиши билан табриклаб, мамлакатнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда муваффақиятлар тиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА